Ўзбекистон | 15:56 / 24.01.2020
40809
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон банкларида кенг кўламли трансформация бошланади

2020 йилда Миллий банк ва Ипотека-банк ҳам ўз евробондларини чиқаради.

2020 йилдан бошлаб, Ўзбекистондаги ҳар бир банкда кенг кўламли трансформация дастури амалга оширилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномасида айтиб ўтди.

Таъкидланишича, банк тизимида тадбиркорларни қўллаб-қувватлайдиган «лойиҳалар фабрикаси» фаолиятини йўлга қўйиш керак.

2019 йилда «Саноатқурилишбанк» билан бўлгани каби, 2020 йилда Миллий банк ва Ипотека-банк ўз евробондларини чиқариши маълум қилинди.

Шунингдек, давлат улушига эга бўлган банклар босқичма-босқич стратегик инвесторларга сотилади. «Мана шуни ҳамма билиши керак. Сотмасак, ривожланиш бўлмайди. Инвестор бўлмаса, ривожланиш бўлмайди. Ҳалол-пок, энг ривожланган давлатлардан банк соҳаси бўйича инвесторларни олиб келамиз», – деди президент.

«Банк соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий мақсади – тижорат банкларини «мижоз учун ишлаш»га ўргатишдан иборатдир.

Соҳа учун замонавий кадрлар тайёрлаш мақсадида, Банк-молия академияси хорижий мутахассислар билан биргаликда тўлиқ қайта ташкил этилади.

Шунингдек, давлат банкларида замонавий банк амалиёти, менежменти ва хизматларини жорий қилиш учун раҳбарлик лавозимларига хорижий етакчи молия институтларининг малакали мутахассисларни жалб этиш бошланди ва бу жараён изчил давом этади.

Банкларда ахборот технологияларини кенг татбиқ этиш орқали, уларнинг дастурий таъминотларини тубдан янгилаш лозим.

Шу йил 1 июлга қадар «кредит тарихи» ахборот тизимини тўлиқ ишга тушириш зарур.

Аҳолида банк тизимига нисбатан ишончни шакллантириш ва банклар фаолиятига четдан аралашишга чек қўйиш керак», – дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид