Ҳозирги кунда тахминан 300 минг нафар Ўзбекистон фуқароси Россия ҳудудидан депорт қилинган. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Бахтиёр Турсуновга асосланиб, Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Турсуновга кўра, депорт қилинганларнинг рўйхатини шакллантириш агентлик ваколатига кирмайди, бу масалага Ташқи ишлар вазирлиги ойдинлик киритиши мумкин.

«Биздаги маълумотга кўра, ҳозирги кунда Россияда ҳудудидан депорт қилинганлар сони 300 минг нафарни ташкил қилади. Депорт қилинганлар сони статик, яъни ўзгарувчан маълумот бўлиб, депорт қилинганларнинг қўшилиши ёки ёки тақиқнинг ечилиши туфайли мазкур кўрсаткич ўзгариб туради.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Бахтиёр Турсунов
Фото: АОКА

Бирор давлатга маълум вақтга кириш тақиқи қўйилиши «депортация» дейилади. Фуқаро миграцион қонунчиликни бузганида, унга уч кун мобайнида давлатдан ихтиёрий чиқиб кетиш имкони берилади. Агар мигрант шу вақт оралиғида ўша мамлакатни тарк этмаса, кейинги сафар суд қарорига асосан, мажбурий тарзда давлатдан чиқариб юборилади ва у ерга қайтиб киришига муайян муддатга тақиқ қўйилади», – дея деди Турсунов 23 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Маълум қилинишича, айни пайтда хорижда юрган ўзбекистонликлар сони салкам 2 миллион нафарни ташкил этади.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг 80 фоизи Россия Федерацияси ҳудудида, 15 фоизи Қозоғистон, 5 фоизи Жанубий Корея, Туркия, БАА, АҚШ ва бошқа давлатларда меҳнат қилмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти биринчи котиби Рустам Ғозиевнинг айтишича, ҳозирги пайтда Россияда қанча ўзбек мигрантлари мавжудлиги бўйича аниқ рақамлар мавжуд эмас.

Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти биринчи котиби Рустам Ғозиев
Фото: АОКА

«Чунки қонуний ишлаётган юртдошларимизга нисбатан ноқонуний меҳнат қилаётганлари кўпчиликни ташкил қилади. Патент нархининг қимматлиги, рус тили ва бошқа масалаларда имтиҳон топшириш муаммоси борлиги, тил билиш ва ҳуқуқий маданият борасида етарли билим йўқлиги туфайли аксарият муҳожирлар қонуний ишлашни хоҳламаслиги маълум бўлди.