Россия. Москва вилояти туманларидан биридамиз. Бир неча қўнғироқлашув ва телефонимиздаги харитани ишга солган ҳолда бу ерга етиб келдик. Мақсадимиз – аёлларга хос бўлмаган ҳунарни ўрганган қашқадарёлик қиз билан учрашиш, унинг ҳаётидан лавҳа тайёрлаш, мақсадига етишиш учун нималар қилганини тинглаш, ўқувчиларга етказиш.

– Россияга қандай келдингиз, дастлаб нима иш қилдингиз бу ерда?

– Ўзбекистонда «стройка»да ишлардим. Блок қуярдим, ғишт терардим. Бир қўшнимиз: «Ирода, сенинг ҳунаринг бор, Россияга бор», деди. 2010 йилда Россияга келганман. Аллоҳга шукр, йўлимни топдим. Биринчи келганимда тил билмасдим, йўл билмасдим. Ўшанда, Балашихада монолит «стройка»да ишладим. Арматура тўқирдик, бетон олардик. 3 йил ўша жойда ишладим.

– Аёлларга хос бўлмаган бир ҳунар эгаси экансиз. Автослесарлик билан шуғулланаркансиз.

– Аслида, бу ишга жалб қилган киши бошлиғим эди. Мени дадам ўзи «сварчшик» (пайвандчи). Дадамдан автоген ва «сварка» (пайвандлаш)ни ўрганганман. Бу ерда (қурилишда) ҳам «сварка»да ишлардим.

Бир якшанба куни, бошлиғим машинасини устага берганини айтиб, бирга бориб келишни сўради. Борсак, бири «шкурка» қиляпти, бири «жестянка» қиляпти, бошқаси «грунтовка», яна бири бўёқ сепяпти.

Мен ўзим автомобилларга қизиққаним учун бошлиғимдан бир ойга қанчага ўргатишларини сўраб беришини илтимос қилдим. Ойига юз доллар дейишди. Рози бўлдим. 2014 йилда бу касбни ўрганганман.

Тунда қурилишда ишлардим, кундузи автоустахонада ҳунар ўрганардим. Бу ҳунарни уч ой ичида ўрганиб, чиқиб кетганман.

– Тунда қурилишда, кундузи устахонада. Чарчаб қолмадингизми? Қандай улгурдингиз?

– Бетонни кечаси 3-4 соатда қуйиб бўлардик. Соат 4-5да ухласам ҳам бемалол эрталаб 9гача дам олардим. У ерда эса, автосервиснинг ёпилишига қараб, соат 6-7, кўпинча 8гача қолардим. Шу соҳа бўйича ишлаётганимга 6 йил бўляпти. Ҳеч қайси устозим, қўлимдан ушлаб, уни қил, буни қил, деб ўргатмаган. Ўзим қараб-қараб, мустақил ишлаб ўрганганман.

Бу ҳунарни ўрганишда сизнинг сезги органингиз муҳим рол ўйнайди. Ўзим деталларни олиб, тўғрилаб, устозга кўрсатардим. Ишингизга меҳр берсангиз, қизиқишингиз қанчалик кучли бўлса, шунча тез ўрганасиз. Урилган машинани нолдан бошлаб, чиқариб юбораман.