Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти статистикасида таъкидланишича, ривожланаётган давлатларда ҳар йили 15-19 ёшдаги тахминан 16 миллион қиз она бўлади. Шундан 2,5 миллион кишини 16 ёшдан кичик қизлар ташкил қилади.

«Ҳомиладорлик ва туғруқ вақтидаги қийинчиликлар дунё бўйича 15-19 ёшли қизларнинг ўлимига ҳам сабаб бўлиб келмоқда.

Бундан ташқари, 10-19 ёшли она бўладиган қизларнинг кўпчилигининг ҳаёти 20-24 ёшлилар билан солиштирганда хавф остида бўлади», дейилади ЖССТ маълумотида.

133/105

Хотин-қизлар қўмитаси тақдим этган маълумотга кўра, Ўзбекистонда 2018 йилда жами 750 минг туғруққа 133та эрта туғруқ ҳолати тўғри келган.

2019 йилнинг 10 ойи статистикасига кўра эса, 650 минг туғруққа 105та эрта туғруқ қайд этилган. Бунда эрта она бўлганлар ёши 17 ёшгача ҳисобланади.

Турли нашрларда жисмоний ва руҳий жиҳатдан она бўлишга ҳали тўлиқ тайёр бўлмаган қизларнинг фарзандли бўлгани ҳақида хабарлар чиқиши одатга айланиб қолган.

«Фалон ҳудудда мактаб ўқувчиси она бўлди», «Фалон мактабнинг 8-синф ўқувчиси чақалоғини ҳожатхонада дунёга келтирди» деган «жимжимадор» сарлавҳалар билан ижтимоий тармоқларда айланадиган хабарларда баъзан қизларнинг аноним маълумотлари ҳам жамоатчиликка очиқланмоқда.

Бироқ бундай қизларга ҳам барча ҳуқуқларга эга инсон сифатида қаралиши, бундан кейин ҳаётга тезроқ мослашишлари, ўз ўрнини топишлари учун уларга қандай ёрдам берилиши керак?

Уларга тегишли ахборот билан ишлашда нималарга эътибор қаратилиши зарур?

Шахсий маълумотни тарқатиш мумкин эмас

Ички ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз, қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш мумкин эмас.

Агар шундай ҳолат аниқланса, бу ҳолат уни содир этган шахсга «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 461-моддасига кўра базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.