Ўзбекистон | 14:24 / 26.01.2020
11219
2 дақиқада ўқилади

Президентнинг мурожаатида кўзда тутилган вазифалар ижроси бюджетга юк бўлмайди – Жамшид Қўчқоров

Фото: KUN.UZ

Бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров Kun.uz мухбирига берган интервьюсида таъкидлашича, президентнинг парламентга мурожаатида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши, янги тасдиқланадиган давлат дастурининг ижроси 2020 йил учун тасдиқланган давлат бюджети учун оғирлик қилмайди.

«Давлат раҳбарининг парламентга мурожаатидаги масалалар 2020 йил учун парламент томонидан тасдиқланган давлат бюджетида кўзда тутилган деб айтолмаймиз, албатта. Кўп масалаларини президентимиз янгидан қўйдилар.

Шунинг учун бизда маълум маънода қўшимча харажатлар пайдо бўлиши мумкин. Лекин бу у қадар катта харажатларга олиб келмайди, камбағалликни қисқартириш бўладими ёки олий ўқув юртларига грантларни кўпайтириш – булар 2020 йил ҳисобидан катта харажат талаб қилмайди», дейди у.

Вазир мурожаатда белгилаб берилган вазифалар бўйича тегишли дастурлар, стратегиялар ва йўл хариталарини ишлаб чиқиш муайян вақт талаб этишини айтиб ўтган.

«Олий таълим муассасаларида ўқиш сентябрдан бошланади ёки камбағалликни қисқартириш стратегиясини ишлаб чиқишнинг ўзига камида уч ой, уни халқаро ташкилотлар билан келишишга олти-етти ой кетади. Шунинг учун бу йил жиддий муаммолар кўрмаяпмиз ва асосий харажатлар 2021 ва ундан кейинги йилларга ўтади», дейди Жамшид Қўчқоров.

Мавзуга оид