Шу кунларда Хитойда тарқалаётган вирус шифокорларга аввалдан маълум бўлган.

У коронавируслар оиласига мансуб бўлиб, бундай вируслар аввал ҳам бир неча марта хавфли касалликларни келтириб чиқарган - масалан, 2003 йилдаги ўткир респиратор синдроми (Sars), 2012 йилдаги Яқин Шарқ респиратор синдроми (Mers). Биринчи вирус уни юқтириб олганларнинг  9 фоизини ҳаётдан олиб кетган, иккинчи эпидемия вақтида беморларнинг 35 фоизи  вафот этган.

Қуйида бундай вируслар нега кутилмаганда тарқалиши ва улар нега бу қадар хавфлилиги ҳақида сўз юритилади.

Хавфли коронавируслар қаердан пайдо бўлади?

Sars, Mers ва 2019-nCoV коронавируслари тарқалиши авж олишида вирус ташувчилар одамлар эмас, жониворлар бўлади. Ҳайвонлар инсон учун хавфли бўлган жуда кўп вирусларни ташувчи ҳисобланади, лекин хайриятки ҳайвондан инсонга вирус юқиши камдан-кам ҳолларда кузатилади.

«Турлар фарқи деган тўсиқ мавжуд ва шу туфайли вирус юқмайди. Аммо кимнингдир иммунитети жуда кучсизлик қилганида ёки вирус ҳайвондан одамга ўтишига шароит бўлган бошқа омиллар мавжуд бўлганида камдан-кам кузатиладиган инфекция ҳолати юз бериши мумкин», - дейди Варвик университетидан бўлган Эндрю Истон.

Одатда хавф вируснинг ноодатий мутациясига боғлиқ бўлади.

«Қоидага кўра, ўзи учун янги, ғайриоддий муҳитда яшаб кетиши учун муайян даражада ўзгариши керак бўлади», - дейди олим.

Коронавирус одамга юққан камдан-кам ҳолларда вазият кескинлашиши мумкин.

Қайд этиш керакки, барча коронавируслар ҳам жуда хавфли эмас: инсон аҳён-аҳёнда унинг агрессив кўринишларига дуч келади. Аммо бир турдан бошқасига ўтган вирус катта хавф туғдириши мумкин.

«Турлараро» коронавируслар инсон учун нега бунчалик хавфли?

«Қачонки вирус бир турдан бошқасига ўтганида воқеалар ривожи қандай кечишини билиб бўлмайди. Вирус бегона муҳитда жойлашиб олса, янада кучайиши мумкин», - дейди Эндрю Истон.

Гап шундаки, вирус бехосдан ҳайвондан инсонга ўтганида, инсоннинг иммун тизими бу вирусга қарши курашишга тайёр бўлмайди, чунки аввал бу вирусга тўқнашмаган бўлади. Бундай вирус қаршисида инсон ожиз қолади.

Грипп вируси бир турдан бошқасига ўтган ҳолатларда ҳам шундай муаммо кузатилади.