Ўзбекистон | 13:10 / 27.01.2020
13948
2 дақиқада ўқилади

Хитойдан қайтган ўзбекистонликлардан зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш сўралди

Январь ойида Хитойнинг Ухань шаҳридан Ўзбекистонга қайтиб келган ўзбекистонлик талабалардан зудлик билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига боғланиш сўралди.

«Ўзбекистоннинг Пекин шаҳридаги элчихонаси ва Шанхай шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотларига кўра, 2020 йил 25 январь куни коронавирус тарқалиши сабабли, Хитой ҳукумати мамлакатнинг 1,2 миллиард киши истиқомат қиладиган 25та провинцияси, марказга бўйсунадиган шаҳарлари ва махсус маъмурий ҳудудларида соғлиқни сақлаш бўйича энг юқори даражадаги фавқулодда вазиятни жорий этди. 

Хубэй провинциясининг 15дан ортиқ шаҳарларида махсус карантин чоралари жорий этилган: транспорт вақтинча тўхтатилган,  вокзаллар ва аэропортлар ишламаяпти. Пекин шаҳрида 30дан ортиқ киши ушбу касалликни юқтирган бўлиб, у ерда аксар диққатга сазовор жойлар, театрлар, музейлар, шу жумладан Тақиқланган шаҳар ёпилган. 

Элчихона Хитойда бўлиб турган ёки мамлакатга туризм ва бошқа мақсадлар учун ташриф буюрмоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароларига барча хавф-хатарларни инобатга олиш ва барча эҳтиёт чораларини кўришни тавсия қилади», дейилади Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.

Элчихона январь ойида Ухандан ватанга қайтиб келган ўзбекистонлик талабаларни зудлик билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан +998909882330 (директор ўринбосари Б. Қурбонов), +998972755074 (бош мутахассис Ф. Қурбонбеков) телефон рақамлари орқали боғланишни қатъий тавсия қилган.

Ташқи ишлар вазирлиги Хитой ҳудудидаги Ўзбекистон фуқароларига зарур ҳолатларда исталган вақтда мамлакатимизнинг Пекин шаҳридаги элчихонасига (тел. :  +86 135-1102-4242 Бобур Яхяев,  +86 139 1175-4476 Шуҳрат Умиров) ҳамда Шанхай шаҳридаги Бош консулхонасига (тел. : +86 131-2255-5772,  Азиз Улуғбеков) мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилган.

Мавзуга оид