Ўзбекистон | 13:05 / 29.01.2020
12207
3 дақиқада ўқилади

«Ўқитиладиган фанларни вазирлик белгиламайди» – Мажидов олий таълимдаги номутахассислик фанлар ҳақида

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов ОТМларда ўқитилаётган номутахассислик фанлари қисқартирилиши масаласига муносабат билдирди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Қишлоқ хўжалиги йўналишларида ҳуқуқшуносликни ўқитиш керак, деган фикрни билдирдингиз. Бу қанчалик тўғри-нотўғри алоҳида масала, аммо шуни айтмоқчиманки, бунақа таклифлар жуда ҳам кўп.

Нима қиламиз? Биз айтдик, ўқув стандартлари ва дастурларини тузишга ёндашувни ўзгартирамиз. Дунё тажрибасида бор, яъни компетенция масаласи. Етиштирилган кадр нимани билиши керак, иш берувчи ундан нимани кутяпти? Ана шу компетенциялар шакллантирилиши керак. Бунга ким буюртма бериши керак – ишга олувчи.

Иккинчидан, кадрда ўша компетенцияни шакллантириш учун унга нимани ўқитиш керак? Буни вазирлик қилмайди, олий ўқув юртлари қилади. Бир хил йўналишдаги ОТМлар битта методик бирлашмага бирлашиб, мана бу фанлар билан шу компетенцияни берамиз, дея қарор қилишади. Демак, ўқув дастурини тузишда икки томон – иш берувчи ва ОТМ иштирок этиши керак.

Учинчи томон – вазирлик. Вазирлик ягона таълим-тарбия сиёсатини юргизиш нуқтайи назаридан ўз талабларини қўяди. Бунда тайёрланган кадрнинг дунёқараши кенг, маданий савияси юқори бўлиши кераклиги ва ҳоказолардан келиб чиқилади.

Энг муҳими – мана шу учта томондан бошқа ҳеч ким аралашиши кераги йўқ. Тўғри айтдингиз, биттаси ҳуқуқ фани керак дейди, биттаси табиатни билиши керак дейди, биттаси иқтисодни билмаса умуман бўлмайди дейди, биттаси молиявий саводхонлик керак дейди... Ва ҳоказо.

Шунинг учун мана учта томон бор, шулардан бошқа ташқаридан ҳеч ким олий ўқув юртига ўқув режасини тузишга аралашмаслиги керак. Ҳеч қанақанги ҳужжатлар билан мана бу фан киритилсин, деган тазйиқ бўлмаслиги керак.

Ҳукумат томонидан вазирлик «Мана шу фанни киритасан», демайди. Талаба мана шу малака ёки тарбияни эгаллаши керак, деган талабни киритади», – деди Мажидов 29 январь куни Халқаро пресс-клуб сессиясида.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида олий таълимдаги мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони 2 баробар қисқартирилишини айтган эди. Ҳозир ОТМлардаги ўқув режалари ва дастурларида ихтисосликка хос бўлмаган фанлар улуши 18 фоизга тенг.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид