Ўзбекистоннинг Татаристондаги бош консуллиги раҳбари Фаридин Насриев Kun.uz мухбири билан суҳбатда шу мавзуларда сўз юритди.
– Консулликка кўпроқ қандай мурожаатлар бўлади?
– Мурожаатларга келсак, кунига 50-60 киши бевосита консулликка келган ҳолда мурожаат қилса, яна шунча киши телефон орқали қўнғироқ қилади. Бундан ташқари, электрон почта орқали мурожаатлар ҳам бор. Буларнинг барчаси биз учун мурожаат ҳисобланади. Албатта, уларнинг барчаси кўриб чиқилади, бироқ баъзан бирига устуворлик берилади, бошқа бири тезкорлик билан кўриб чиқилади.
Мурожаатларга доир бир-иккита мисол келтираман, ўқувчилар ўзлари хулоса чиқариб олишади, деб ўйлайман.
Бир онахонимиз Ўзбекистондан қўнғироқ қилдилар. Консуллигимиз хизмат кўрсатадиган ҳудудда ўғли ва келини яшаб, ишлашини, уларга бегона шахслар тажовуз қилаётганини айтди. Биз барча маълумотларни олиб, йигитга қўнғироқ қилсак, ўчган. Келинининг телефони ҳам ўчган. Улар биздан 70-80 км узоқликдаги бир шаҳарда эди. Ўша шаҳар полициясига қўнғироқ қилдик, манзилини бердик. Полиция ўз нарядини юборса, уларга ҳам эшикни очишмаган.
Бу ёқда онахон йиғлаб қўнғироқ қиляпти. Ўзим ҳам етиб бордим. Эшикни очадиган махсус мутахассисларни чақирдик, эшикни бузиб кирсак, эр-хотин ҳеч нарсадан хабари йўқ, ухлаб ётибди.

Биз онангизнинг қистови билан келдик, десак, онаси билан аразлашиб қолгани ва 2 ҳафтадан буён гаплашмаётгани, унга қўнғироқ қилмаётганини айтди. Онахонга вазиятни тушунтириб, нега ундай йўл тутганини сўрасам, шундай демасам, бориб хабар олмасдингиз, дейди. Тўппа-тўғри, мен бормасдим. Аммо биз ва полиция онахоннинг мурожаати билан овора бўлиб турган вақтда, ҳақиқатдан ҳам ёрдамга муҳтож бошқа бир фуқаро қийин аҳволга тушиб қолиши мумкин-ку?! Қолаверса, полицияга бошқа ҳақиқий ҳолатда қўнғироқ қилсак, улар қандай баҳо бериши мумкин?
– Фариддин ака, ижтимоий тармоқларда консулликлар фаолияти хусусида турли гап-сўзлар юради. Шулар қанчалик асосли?
– Биласизми, юқорида айтганимдек, мурожаатлар кўп. Яна бир гап бор. Ишини битирган, консулликка бордим, ишимни тезда ҳал қилиб берди, деб ҳеч қачон айтмайди. Кимнинг иши турли сабабларга боғлиқ бўлса, бу сабаблар эса, фақат бизга боғлиқ бўлиши мумкин эмас, у ўзининг мурожаати ҳал бўлмаётгани ҳақида жар солади.










