Ўзбекистон | 16:42 / 30.01.2020
9700
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Буюк Британиянинг янги университети очилиши мумкин

Бугун, 30 январь куни Ўзбекистонда юридик таълимни ривожлантириш, Тошкентда Халқаро ҳуқуқ университетини ташкил қилиш, инглиз ҳуқуқини татбиқ қилиш, юридик таълимни халқаро стандартларга тенглаштириш мақсадида Буюк Британиянинг Ҳуқуқ университети ва Тошкент юридик университети вакиллари иштирокида конференция бўлиб ўтди.

«Бу конференция инглиз ҳуқуқини Ўзбекистонда қўллаш амалиётига бағишланади. Дунёда турли хил ҳуқуқий тизимлар мавжуд. Айнан инглиз ҳуқуқий тизимини жорий қилсак, инвесторларнинг оқими, тадбиркорлик соҳасининг ривожланиши ва иқтисодиётнинг ўсиши каби ютуқларга эришишимиз мумкин. Чунки бу йўналишда фақат шу соҳалардаги ҳуқуқ бўйича таълим берилади ва ўргатилади», дейди юридик фанлари доктори, Адлия вазирлигининг юристлар малакасини ошириш кафедра мудири Лола Саидова.

Адлия вазири ўринбосари, Тошкент давлат юридик университетининг ректори Раҳим Ҳакимовнинг сўзларига кўра, янги очилиши мумкин бўлган университет Буюк Британиянинг Халқаро ҳуқуқ университети (University of Law – ULaw)нинг филиали ҳисобланади. Дастлабки йили квоталар сони 400та бўлади, кейинги йилларда бу кўрсаткич 2000тага етказилади. Ўқитиш тизимида халқаро савдо ҳуқуқи, халқаро тижорат ҳуқуқи, халқаро арбитраж ҳуқуқи факультетлари очилади ва шу йўналишда ўқитилади. Ўқиш бакалавр йўналишида 4 йил давом этади, университет битирувчиларига Ўзбекистонда ҳамда хорижда иш фаолиятини олиб борувчи халқаро диплом берилади.

Шунингдек, университет адвокатлик ва суд соҳасидаги кадрларни тайёрлашда қатор юридик йўналишдаги университетлар билан ҳамкорлик қилади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 8250 нафар фуқарога бир нафар адвокат тўғри келади. Хорижий мамлакатларда эса бир нафар адвокатга – АҚШда 256 нафар, Италияда 260 нафар, Германияда 500 нафар, Озарбойжонда 667 нафар, Нидерландияда 900 нафар, Францияда 1403 нафар, Қозоғистонда 4000 нафар фуқаро тўғри келади.

Мавзуга оид