Навбатдаги мурожаат ортидан Фарғона вилояти Қува туманида бўлдик. Аҳоли мавжуд муаммо юзасидан туман ва вилоят ҳокимлиги, кўплаб масъул идораларга аризалар ёзган, бироқ ижобий ўзгариш бўлмаган.

«Лайлак уя» қишлоғидаги «Ифтихор» маҳалласидамиз. Одамлар Андижон-Фарғона трасса йўли бўйидаги зич уйлар ўртасига автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси, оддий қилиб айтганда «метан-заправка» қурилаётганидан норози. Қурилиш ўтган йилнинг октябрида бошланган. 4 ойдан бери «заправка»га қўшни бўлиб яшайдиган хонадон вакилларининг арз қилмаган жойлари қолмабди.

Уларнинг талаби аниқ – одамларнинг соғлиги ва ҳаётига хавф туғдирувчи шохобча қурилиши тўхтатилиши керак. Аҳоли томонидан юборилган мурожаатларга мутасадди ташкилотлар – Фарғона вилояти ҳокимлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Фарғона ҳудудий бошқармаси, «Ўзнефтгазинспекция» Фарғона вилояти ҳудудий бўлими, Фарғона вилояти Ёнғин хавфсизлиги Бош бошқармаси, Қува туман ҳокимлиги, Қува туман прокуратураси ва бошқа маъсул идоралар томонидан берилган жавобларда «Metan Omad Savdo» МЧЖ томонидан  қурилиш ишлари ҳуқуқий ҳужжатларсиз олиб борилаётгани маълум қилинган.

Мурожаатчиларга Қува туман ҳокими Р.Қурбонов имзоси билан 25 ноябрь куни жўнатилган жавоб хатида эса, «Metan Omad Savdo» жамиятига метан газ қуйиш шохобчаси қурилишини тўхтатиб туриш ва 6200 кв.м. ер майдонидаги ўзбошимчалик билан қурилган бино-иншоотларни мажбурий тарзда буздириши ҳақида судга даъво аризаси киритилгани бўйича маълумот берилган.

Бироқ ҳудудда «Metan Omad Savdo» жамияти томонидан қурилиш ишлари давом этмоқда.

Аҳоли вакиллари нима дейди?

Ифтихор маҳалласида бизни кутиб олган одамлар 4 ойдан бери давом этаётган қоғозбозлик ҳақида арз қилишди.

«Катта муаммода қолдик. Бизнинг уйларимизга бир девор қўшни бўлиб, метан газ «заправка»си тушяпти. Бундан Президентимизга, Бош прокурорга, вазирликларга мурожаат қилдик.

Мутасадди ташкилотларнинг жавобига кўра, шохобча бу ерга қурилмаслиги керак. Ёнғин хавфсизлиги ташкилоти, «Сан станция» ўрганди. Аҳолида табиий газ йўқ. Очиқ оловдан фойдаланади. Тандир, ўчоқ ёқамиз. «Ўзнефтгазинспекция», Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Ёнғин хавфсизлиги, туман ҳокимлигидан хулосалар келди. Лекин қурилиш давом этяпти.