Таҳририятимизга 6-синф ўқувчисидан мурожаат келиб тушди. Бизга мактуб йўллаган кичкина жанобнинг ёзишича, у ўқийдиган мактаб таъмирланмаган, замон талабига жавоб бермас экан.

Бу мурожаатга бефарқ бўла олмадик. Навқирон авлод ҳам камчиликларни яшириш эмас, ошкор этиш ва ўз ўрнида ҳал қилиш кераклигини англаётганидан мамнун бўлдик. Модомики бу авлоднинг дунёқараши, атроф-дунёга бўлган назари ижобий шаклланаётган экан, қарсакбозлик, маддоҳлик, лўттивозликларга ёмон кўз билан қараш шаклланаётган экан, эртанги кунимизга кўпроқ умид қарашга асосларимиз бор.

Мурожаат ортидан Тошкент вилояти Қибрай туманидаги 11-сонли мактабда бўлиб, мактаб директори билан суҳбатлашдик.

– Муаммоларни яширмасдан, аксинча, очиқлашга қандай қарайсиз?

– Ўзим шунинг тарафдориман. Муаммолар ҳақида гапирилса, натижада улар бартараф этилса, яхши бўлади фақат.

– Ёш авлод тобора зийрак, камчиликларга муросасиз, дунёқараши маддоҳликдан холи бўлиб боряпти. Бу сизни хурсанд қиладими?

– Албатта хурсанд қилади. Бу – уларнинг дунёқараши ўсаётганидан далолат. Биз бугун демократик давлат қурмоқдамиз, ёшларимиз ҳам чеккада қолишмаяпти – камчиликларни очиқ-ойдин айтишга уринишмоқда.

– Сиз бошқараётган мактабда атрофга бефарқ бўлмаган болалар етишиб чиқаётган экан, бундан мамнунмисиз?

– Албатта.

– Энди у бола «мактабимизни шарманда қилибсан», деб изза қилинмайдими?

– Аслида биз катталар камчиликлар ҳақида гапиришимиз керак эди.

Маълум бўлишича, 1996 йилда қурилган мактаб охирги марта 2007 йилда таъмирланган. Муассаса 422 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозир унда 200га яқин ўқувчи ўқияпти. Директорнинг айтишича, мактаб 2019 йилда жорий таъмирланиши керак бўлган, аммо ўқувчилар сони камлиги сабабли мутасаддилар таъмирлашни чўзиб келишмоқда.

Ҳали айтганимиздек, кўплаб мурожатлар ичида айнан бу мурожаатни ўрганишимизга сабаб – унинг айричалиги: 6-синф ўқувчиси томонидан келиб тушгани бўлди. Давлатимиз айнан камчиликларни яшириш, «сен менга тегма, мен сенга тегмайман» оқибатида муаммолар гирдобида қолиб кетди. Бунга ўрганиб қолган бир эмас – икки авлод ҳам етишиб чиқишга улгурди деярли. Шунинг учун ҳам қарашларимизни ўзгартиришимиз қийин бўляпти.