ОАВ ва блогерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов фонднинг тақдимот маросимида нутқ сўзлади. У дастлаб ўзининг аввалги иш жойи - Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА)даги фаолияти тўғрисида гапириб, тизим ўзидан кейинги раҳбарлар томонидан тўғри ва сифатли давом эттирилишига умид билдирди.
«Бугунги анжуманимизда сизлар билан мен одатий давлат идораси раҳбари сифатида эмас, балки эндиликда жамоат ташкилоти вакили сифатида учрашиб турганимдан бағоятда хурсандман.
Мен ўз ҳаётимга назар ташласам, унинг асосий қисми бевосита матбуот, журналистика ва медиа соҳаси билан боғланган. Тақдир менга бу соҳанинг энг қуйи бўғинидан энг юқори даражасигача фаолият юритиш имконини берди ва табиийки, менда бугун сўз эркинлиги ва матбуот соҳасига нисбатан ўз қарашларим, ўз фикрим ва таклифларим бор.
Йиллар давомида тақдир мени матбуот ва матбуот билан боғлиқ турли соҳаларда синовдан ўтказди. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Давр» информацион дастурининг режиссёр ёрдамчилигидан бошлаб, то кўрсатув ва лойиҳалар муаллифигача, шу билан бирга турли вазирлик ва идораларнинг матбуот хизматларида оддий ходимликдан то раҳбарликкача бўлган лавозимларда ишлашга тўғри келди.
Давлат идораларидан кетган пайтимда ҳам бошқа соҳалар билан бир қаторда медиа соҳасига тегишли турли лойиҳаларга раҳбарлик қилдим. Ундан кейинги босқич, яъни Президент матбуот котиблигидан то бугунги кунгача бўлган фаолиятимдан ушбу залда ўтирган жуда кўпчиликнинг яхши хабари бор.
Ўтган давр мобайнида мен журналистика соҳасининг барча қирраларини яхши ўргандим. Журналистлар фаолиятига йўл очиши мумкин бўлган ёки бўлмаса тўғаноқ бўлаётган барча ҳолатларни ўз кўзим билан кўрдим. Сўз эркинлигини таъминлаш рецепти нималардан иборатлигини фаолиятим давомида яхши тушуниб етдим, дея оламан.
Бугун матбуот дуч келаётган турли муаммолар, босимлар ёки таҳдидларга гувоҳ бўлмоқдаман. Шу билан бирга, давлат идораси раҳбари сифатида қирғоқнинг нариги томонидаги вазиятни ҳам яхши ўргандим.
Шунга амин бўлдимки, журналист ёки блогерлар ўз вақтида ва сифатли маълумот ололмасдан қийналса, давлат органи раҳбарлари ортиқча гапириб қўйишдан қўрққан ёки матбуотга нисбатан совуққонлик билан фаолият юритиб келган.
















