Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўз мамлакати туркиялик аскарлар ўлими учун жавоб чоралари қўлланиши давом этишини маълум қилди. У дастлабки маълумотларга кўра, Туркиянинг «интенсив зарбалари» оқибатида 30-35 нафар суриялик йўқ қилинганини маълум қилган. «Биз бу ҳужумга жавоб қайтардик, артиллерия ва миномётларимиз орқали жавоб қайтаришда давом этамиз. Биз мамлакатимиз ва Идлибдаги биродарларимиз хавфсизлиги учун амалиётларни қатъийлик билан давом эттирамиз», - дея Эрдўғаннинг баёнотини келтирмоқда Рейтер агентлиги.
Раиси Эрдўған бўлган Адолат ва тараққиёт партияси вакили Умар Челик эндиликда Сурия ҳарбийлари Туркия учун қонуний нишонга айланганини маълум қилган. «Бу режим қуролли кучларимиз ва постларимизга ҳужум қилганидан кейин биз Россия уларни ҳимоя қилмаслигини кутамиз», - деган у Туркиядаги Си-эн-эн эфирида.
Сурияда туркларнинг кузатув постлари 2017 йилда Россия, Туркия ва Эрон ўртасидаги келишувга мувофиқ тузилганди.
Ўз навбатида россиялик ҳарбийлар Туркия ҳарбий хизматчилари террорчилар томон отилган ўқлар остида қолишганини билдиришган.
«2 февралдан 3 февралга ўтар кечаси турк ҳарбий бўлинмалари Россия томонини огоҳлантирмасдан Идлибнинг ичкари ҳудуди томон ҳаракатланди ва Сурия ҳукуматининг Серакаб пунктидан ғарбдаги ҳудудда жойлашган террорчиларга қарата берган зарбасига нишон бўлишди», - дейилади Сурияда урушаётган томонларни яраштириш Россия маркази баёнотида.
«Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари Сурия давлат чегарасини бузиб ўтмаган, Сурия ҳарбийлари позицияларига ҳужум қайд этилмаган», - дея қайд этилган россиялик ҳарбийлар баёнотида.

Туркия Идлибдаги ҳарбийлари қуролли тўқнашувларнинг олдини олиш учун келишув бўйича жойлаштирилганини билдирган.
Рейтер нашрининг хавфсизлик хизматидаги манбаси аниқлик киритишича, туркиялик ҳарбийлар Идлибдан 15 километр шарқда Серакаб тумани ҳудудида ҳалок бўлишган.
Сўнгги таянч
Идлиб провинцияси Суриядаги айирмачиларнинг сўнгги таянчи ҳисобланади. Туркия ва Сурия президенти Башар Асаднинг асосий иттифоқчиси бўлмиш Россия ўртасида 2018 йили Идлибни деэскалация зонасига айлантириш бўйича келишув тузган. Келишув шартлари бузилган.
Аввалроқ Эрдўған Россияни келишувнинг бу ҳудуддаги ҳарбий ҳаракатларни камайтириш бўйича қисмига амал қилмасликда айблаганди.











