Давлат солиқ қўмитаси харид чекини талаб қилмаслик “яширин иқтисодиёт”га йўл очиши ҳақида эслатма билан чиқди.
Қайд этилишича, харид чекларини талаб қилиб олиш нақд пулларнинг банкдан ташқари ноқонуний айланишининг олдини олади. Давлат бюджетига солиқ тушуми ошишини таъминлайди.
“Агар сотувчи томонидан чек тақдим этилмаса, албатта, талаб қилиш зарур. Зеро, ҳар бир истеъмолчи савдо шохобчаларидан харид қилган маҳсулоти учун чек талаб қилишга ҳақли”, - дейилади хабарда.
Билдирилишича, 2019 йил 6 сентябрда “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди. Мазкур фармонда тадбиркорлик субъектлари томонидан харид чеки бермаслик ҳолатларини олдини олиш ҳамда уларни онлайн кузатиш назарда тутилган. Ҳозирда фармонга кўра, тадбиркорлик субъектларини онлайн-НКМ билан жиҳозлаш чоралари кўрилмоқда.
“Онлайн-НКМнинг жорий этилиши харидорга ҳам, сотувчига ҳам бирдай қулайлик яратади. Унинг чекларида харид қилинган маҳсулот рўйхати, нархи, сони, чек ва касса аппарати рақами акс эттирилади. Бундан ташқари, QR-код ёрдамида чекдаги маълумотларни электрон маълумотлар билан солиштириш имконияти ҳам бўлади. Шунингдек, тадбиркорлик субъекти учун товар айланмаси ҳақида аниқ маълумотлар сақланиб қолади. Бир сўз билан айтганда, ортиқча қоғозбозлик ва вақт сарфланишига барҳам беради”, - дея таъкидлайди ДСҚ.
Онлайн-НКМ ёки виртуал касса юритилиши юзасидан жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида турли хил ўйинлар ва рағбатлантириш чоралари ҳам жорий этилган. Жумладан, онлайн-НКМ чекларини солиқ органларидан рўйхатдан ўтказган жисмоний шахслар ўртасида ютуқли ўйинлар ўтказилади. Солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари бўйича маълумот берганлар эса рағбатлантириб борилади.
Солиқ хизмати ходимлари амалдаги қонунчиликка кўра, онлайн-НКМдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилишини текшириб боради. Тадбиркорлик субъектлари томонидан белгиланган тартибда назорат харид чеки берилмаслиги беш миллион сўм миқдорида молиявий жарима қўлланилишига асос бўлади. Ушбу ҳолат бир йил ичида такрор содир этилса, жарима миқдори ўн миллион сўмга оширилади.
“Тан олиб айтиш керак, ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши биладиган фуқаролар ҳам талайгина. Айнан мана шундай фуқароларнинг эътибори туфайли айрим тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий даромадини яширишга уринаётгани фош бўлмоқда. Солиқ органлари томонидан олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишларига қарамай, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида сотилган товар учун чек бермаслик ҳолатлари юзасидан мурожаатлар келмоқда”, - дейилади маълумотда.














