Гап шундаки, Ургутнинг «Терсак» маҳалласида жойлашган 45-умумтаълим мактабида синфхоналар яхши иситилмайди. Бунга ота-оналардан бирининг мурожаатидан сўнг ўзимиз ҳам гувоҳ бўлдик.

Мактаб раҳбариятидан изоҳ сўрасак, «ундай эмас, мана қозонхона гуриллаб ёняпти-ку», дея қозонхонани кўрсатишди. Ҳақиқатан ҳам қозонхона ўчоғида кўмир ёняпти, электр бўлмагани учун қозонхонага бензинда ишловчи генератор уланган.

Муаммо шундаки, қозонхона ишлаб турса ҳам синфхоналар совуқ, қозонхонанинг ҳам биттаси ишламагани сабабли спорт залига умуман иссиқлик етиб бормайди.

Директор эса синфхоналар совуқлигини рад этди. Термометр келтириб ўлчаб кўрганимизда ҳам ўз сўзида турди: «Термометр бузуқ».

Қизиғи, айрим синфхоналарда иситиш батареяларининг ўзи йўқ. Аммо барибир иссиқ эмиш! Ҳатто иситиш батареяларининг ўзи бўлмаса ниманинг ҳисобига иссиқ деган саволга эса жавоб йўқ. Шунчаки, «иссиқ».  

Жудаям ғалати ва кулгили ҳолат. Иссиқлик айланиши яхши бўлмагани ҳисобига айрим хоналарда иссиқлик батареялари бирозгина қизиб турибди. Айрим хоналарда иситадиган ўша матоҳнинг ўзи йўқ. Яна бир қозонхонанинг ўзи ишламайди. Ва энг асосийси — ўқитувчилар қалин пўстин ва шарфга ўранган, телпакни бостириб олган. Ўқувчилар ҳам қалин кийимда — аммо мактаб раҳбарияти кўриниб турган муаммони беркитиш ҳаракатида. Аслида иситиш тизими кимга керак ўзи?

Хўп, ўқитувчилар ёши катта одам, амаллаб кунни ўтказар, аммо ёш болаларда нима айб? (Руҳиятига салбий таъсир қилмаслиги учун қалин кийимларда дарс қилаётган ўқувчилар расмини эълон қилмадик. Қолаверса, синфхоналарга кириб дарс жараёнини суратга туширишга директор монелик қилди).

Биз дарсдан ташқаридаги ўқувчиларни суратга олишга муваффақ бўлдик.