Ўзбекистон | 18:58 / 10.02.2020
22693
3 дақиқада ўқилади

Космосда илк меҳмонхона қурилиши бўйича келишув имзоланди

2025 йилга бориб, Ер орбитасида илк меҳмонхона пайдо бўлиши мумкин. Бу борада НАСА ва Axiom Space хусусий компанияси ўртасида келишув тузилгани эълон қилинди.

Халқаро космик станция / Фото: НАСА

Меҳмонхона Халқаро космик станцияда жойлашади ва унга илк меҳмонлар 2024 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб ҳам ташриф буюришлари мумкин.

Лойиҳа бош пудратчиси – Axiom Space хусусий компанияси бўлиб, компанияга НАСАнинг собиқ ходими Майкл Суффредин томонидан 2016 йилда асос солинган.

У 2018 йили The New York Times`га берган интервьюсида «келажак меҳмонхонаси» учун чипта нархи 50 миллион доллар атрофида бўлишини айтганди.

Бу тўлов ичига – орбитадаги меҳмонхонада 8 кун яшаб, Ерни тўсиқсиз кўриш ва гравитация ноль бўлган шароитда турли кўнгилочар таклифлар киради. Бундан ташқари, отелда юқори тезликдаги интернет ҳам бўлади: меҳмон сайёра атрофида учиб юргани акс этган сельфи суратларини бемалол ижтимоий тармоқларга жойлаб бориши мумкин.

Фото: Axiom Space

Маълумот учун, Халқаро космик станция – тадқиқотлар ўтказиш учун бошпана вазифасини бажарувчи турар-жой модули. Станция 1998 йилнинг 20 ноябрида дунёнинг 19 мамлакати вакиллари томонидан Ер орбитасига чиқарилган.

Hi-News.ru сайтининг қўшимча қилишича, ХКС янги модуллари ва меҳмонхона қурилишига станция эгалари бўлган мамлакатлар ўртасидаги зиддиятли муносабатлар халақит бериши эҳтимолдан холи эмас. Жумладан, АҚШ ва Россиянинг станциядан ҳамкорликда фойдаланиши тўрт йилдан кейин якунига етиши мумкин. Ҳозирча томонлар ўртасида ХКСнинг эксплуатация муддатини 2024 йилгача узайтириш бўйича келишув бор.

Лекин Axiom Space компанияси воқеаларнинг бундай ривожига ҳам тайёрлиги айтилмоқда. Ҳатто АҚШ ХКСдаги иштирокини тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилган тақдирда ҳам, компания космик станция ташқарисида жойлашадиган алоҳида мустақил платформасига ўтиши мумкин.

Axiom космик станцияси лойиҳаси
Фото: Axiom Space

Бунинг натижасида ХКС яқин йилларда ҳеч ким яшамайдиган жойга айланиши мумкин. «Роскосмос» халқаро дастурдан қадам-бақадам чиқишни таъминлаш учун Россия орбита станцияси (РОС) устида иш олиб бормоқда. У 5та мультифункционал модуллардан иборат бўлади.

Мавзуга оид