Эпидемия бошланишида Хитой матбуоти содир бўлаётган воқеалар ҳақида нисбатан эркин ва батафсил ёза оларди. Аммо энди ҳукуматнинг вирус пайдо бўлишига муносабатини танқид қилган муаллифларнинг материалларини интернетдан олиб ташлаш бошланди. Маъмурлар эпидемия тарқалиши бошланган вақтда янги вирус ҳақида огоҳлантирган ва ўтган ҳафта Ухандаги беморлардан вирус юқтириб олганидан сўнг вафот этган доктор Ли Вэньлянни жим қилишга уринишган.

Би-би-си мухбирлари Хубэй провинциясида катталиги бўйича иккинчи ўринда турувчи Санъян шаҳри шифохонаси ҳамшираси билан суҳбатлашишга муваффақ бўлишди. У исмини тўлиқ айтмасликни ва интервьюда фақат Яо фамилияси қолдирилишини сўраган. 

Яо «ҳарорат клиникаси»да ишлашини айтган. У ерда янги коронавирус мавжудлигини текшириш учун қон таҳлили ўтказилади.

SARS ва MERS’дан ўзиб кетган коронавирус яна 100га яқин кишини ҳаётдан олиб кетди. Сўнгги маълумотлар

Касаллик бошланишидан олдин Яо ой тақвими бўйича янги йилни қариндошлари билан ўтказиш учун Гуангжоу провинциясига боришни режалаштирган эди. Унинг боласи ва онаси аввалроқ кетишди, аммо Яо эпидемия бошлангандан сўнг кўнгилли сифатида Санъян шифохоналаридан бирида қолишга қарор қилди.

«Ҳа, биз ҳаётга бир марта келамиз, лекин мен аниқ бир овозни эшитдим: «Сен қолишинг керак», - деб эслайди Яо. 

Дастлаб у қарори тўғрилигига шубҳаланган. «Мен ўз-ўзимга дедим: ҳамма нарсага тайёр тур ва эҳтиёт чораларини кўр. Агар ҳимоя кийимлари бўлмаса, мен устки кийимдан фойдаланишим мумкин. Агар ҳимоя ниқоби топилмай қолса, бутун Хитой бўйлаб тарқалган дўстларимдан уларни почта орқали юборишларини сўрашим мумкин эди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам чиқиш йўлини топиш мумкин».

Яонинг сўзларига кўра, шифохона яхши жиҳозларга эга бўлгани уни қувонтирган. Уларнинг бир қисми расмийлар томонидан юборилган бўлса, қолганлари хусусий компаниялар томонидан тақдим қилинган. Аммо шифохонада ҳали ҳам ҳимоявий кийимлар ва ниқоблар танқислиги мавжуд ва шунинг тиббиёт ходимларининг ҳаммаси ҳам яхши ҳимояланган деб бўлмайди. 

«Бу жуда оғир иш. Буни амалга ошириш тушкунликка сабаб бўлади ва руҳий жиҳатдан оғир. Аммо аксарият вақтларда ўз хавфсизлигимиз ҳақида ўйлашга вақтимиз бўлмайди», — деб қўшимча қилди Яо.