Ўзбекистон | 12:38 / 11.02.2020
9262
2 дақиқада ўқилади

Amazon Пентагон тендери бўйича Трампни сўроқ қилмоқчи

Amazon компанияси Пентагоннинг 10 млрд долларлик тендери бўйича суддан АҚШ президенти Дональд Трампни сўроқ қилишга рухсат беришини сўради.   

Фото: AP

Бу ҳақда компаниянинг суд ҳужжатлари базасида эълон қилинган илтимосномасида айтилган.

Amazon 2019 йил ноябрида АҚШ федерал судига Пентагоннинг маълумотларни сақлаш учун булутли инфратузилма яратишга Microsoft компанияси билан 10 млрд долларлик шартнома тузиш қарори бўйича шикоят қилган. Amazon ўз аризасида, шунингдек, Трампни бу масалада Пентагонга босим ўтказганликда айблаган.

“AWS [Amazon’нинг шўъба корхонаси] қўшма мудофаа инфратузилмаси дастури (JEDI) ижрочисини танлашда кўмак кўрсатган ва дастур бўйича шартноманинг берилишида муҳим роль ўйнаган 7 кишининг кўрсатмалар бериш учун чақирилишига рухсат берилишини сўрамоқда”, дейилган ҳужжатда.  

Кўрсатмалар беришга чақирилиши сўралганлар орасида Дональд Трамп, Пентагоннинг амалдаги ва собиқ раҳбарлари Марк Эспер ва Жеймс Мэттис ҳам бор.

Булутли инфратузилмани яратишга тендерни қўлга киритишда Amazon етакчилик қилган бўлса-да, Пентагон охирги паллада ўз фикрини ўзгартириб, шартномани қайта кўриб чиқишга қарор қилган ва 10 млрд долларлик шартномани Microsoft’га берган. Бу Трамп Amazon раҳбари Жефф Безосни кескин танқид қилгандан кейин юз берган. Бунга эса Безосга тегишли Washington Post нашри АҚШ президентини мунтазам танқид қилиб келиши сабаб бўлган бўлиши мумкин.  

Amazon’дан ташқари, танловда IBM ва Oracle ҳам иштирок этган. Тендернинг яна бир иштирокчиси бўлган Google Пентагон билан ҳамкорлик қилаётгани учун ўз ходимлари томонидан танқид қилингач, 2018 йилдаёқ танловдан чиқиб кетган.

Мавзуга оид