Бош прокуратура ахборот хизмати маҳкама ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари томонидан сўнгги кунларда аниқланган коррупция, фирибгарлик ва тамагирлик ҳолатлари ҳақида маълумот берди.
Хивада фуқароларни ўқишга ноқонуний киритмоқчи бўлган фирибгар ушланди
«Маъмун номидаги жаҳон тиллари» НТМ раҳбари А.Н. фуқароларни олий таълим йўналиши бўйича ўқитишга рухсат берувчи тегишли лицензияси бўлмаса-да, фуқаро Э.И.га НТМни чет тили филологияси мутахассислиги бўйича ўқитиб, бакалавр дипломи бериш имкониятига эгалигини айтиб, уни алдаб, ўқув юртининг 2-семестридан ўқишни бошлашига ёрдам бериши эвазига 1 850 АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 1 000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Шунингдек, НТМ раҳбари А.Н. бир неча фуқароларнинг ишончига кириб, уларининг 128,5 млн. сўм ва 500 АҚШ долларини қўлга киритгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан НТМ раҳбари А.Н.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тезкор тадбир Департаментнинг Хива шаҳар бўлими томонидан ўтказилган.
Каттақўрғонда ҳарбий хизматга юбориш учун тамагирлик қилган шифокор қўлга олинди
Каттақўрғон шаҳар тиббий чақирув комиссияси катта врачи Т.И. фуқаро Х.Ш.га унинг ўғли А.Т.ни оёғи ясси экани ва тиббий кўрикда «муддатли ҳарбий хизматга яроқсиз» деб топилганини, лекин танишлари орқали муддатли ҳарбий хизматга юбориш масаласини ҳал қилиб бериш эвазига 600 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Т.И.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тезкор тадбир Департаментнинг Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган.
Жарқўрғонда қарзни қайтариш учун пора талаб қилган ҳисобчи ушланди
Жарқўрғон туман «Йўллардан фойдаланиш» унитар корхонаси бош ҳисобчиси Д.Б. хизмат мавқейидан фойдаланиб, корхонанинг «Х.» хусусий деҳқон фермер хўжалигидан мавжуд 43,7 млн. сўм қарздорлигини тўлаб бериш эвазига, хўжалик раҳбари Д.дан 2,0 млн. сўм пулларни пора тариқасида олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.
Д.Б.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тезкор тадбир Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан прокуратура ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган.
Ҳазораспда ҳужжатларни тайёрлаб бермоқчи бўлган кадастр ходими ҳибсга олинди
















