Ўзбекистонда футболни ривожлантириш ҳақида гап кетганда, аввало, клубларимиз хусусий бўлиши кераклиги айтилади. Бу албатта, жуда яхши қадам, бу орқали камида, биринчидан, давлат томонидан бевосита ва билвосита футболга сарфланаётган харажатлар камаяди. Иккинчидан, футбол хўжалигида ишлатилаётган пулларнинг ҳақиқий эгаси борлигидан, сарф-харажатлар самарали амалга оширилади, қисман бўлса-да. Назорат пайдо бўлади.

Тўғри-да, ҳозир пул берувчи бошқа – масалан, халқ, уни тақсимловчи бошқа – масалан, давлат корхонаси директори. Уни сарфловчи, яна бошқа – масалан, футбол клуби раҳбари бўлгач, ўртада жуда катта пуллар «йўқолиб» кетишига шароит кўпроқ.

Хўп, айтайлик, «Пахтакор»ни хусусий клуб дейишмоқда. Унинг хўжайини катта тадбиркор, клубга пул тикиб, клубни ривожлантиришга интиляпти. «Пахтакор» бошқарув борасида ҳам, таркиб, натижалар борасида ҳам бошқалардан бир бош баланд бўлиб бораётгани ҳам шундан, зеро мен масалан, сўнгги уч йилда «Пахтакор» кўп пул сарфладими ёки «Локомотив»ми, аниқ айтолмайман. Менимча, бу ерда кўпроқ, аниқ белгиланган рельсда, «Локомотив» эмас, «Пахтакор» кетаётганидир, ким билади.

Бу ҳолатга қараб туриб, қанийди, Суперлигадаги 14 клубни 14 олигарх сотиб олса-да, ажойиб рақобат остида чемпионатимизни кузатсак, дейиш ҳам мумкин. Ростдан ҳам, агар шундай бўлса, Суперлига янаям кучаяр, яхши легионерлар келар, футболнинг сифати ҳам ошиб, маҳаллий футболчилар савияси ҳам ошар, терма жамоа ҳам ҳозиргидан анча кўп салоҳиятли номзодларга эга бўларди, тўғрими? Демак, футболимиздаги ечим клубларнинг хусусийлаштирилиши, яъни қаердандир 14 олигархнинг топилиши экан-да, шу қадар осонми?

Йўқ. 14 олигарх футболимизни нари борса Хитой Лигасига ўхшатиб қўйиши мумкин, холос. Бу шунчаки клубларни, рақобатни, футболчиларни вақтинчалик ривожлантириши мумкин, лекин футболнинг тараққиётида қадамлардан бири бўлади. Эртага 14 олигарх футболдан зерикиб, клубларни молиялаштиришни тўхтатса ёки камайтирса, яна муаммога қайтиб қолаверамиз. Сабаби, масалан, европалик олигархларнинг футболдан зерикмаслигига бошқа омиллар ҳам таъсир қилади. Сабаби, профессионал клуб деганда, хусусий чўнтакдан пул оладиган эмас, ўзи футболда даромад қиладиган клубларни тушунишимиз лозим. Бусиз клуб ҳеч қачон чинакамига профессионал бўла олмайди.

Футбол даромадлари деганда асосан, қуйидаги йўналишларни кўриб чиқишимиз мумкин:

  • Трансляциялар орқали келадиган даромад. Профессионал Лига ўз мусобақасини, яъни маҳсулотини телевидениега сотади. Келган тушум эса, иштирокчи клублар ўртасида тақсимланади. Бу сумма клубнинг футбол даромадларида яхшигина қисмини ташкил қилади.