У бундай ташхис қўйилган энг кичик бемордир. Касаллик мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди, умуман, 60 мингдан кўпроқ одамга коронавирус ташхиси қўйилган. Бироқ, касаллар орасида болалар жуда камчиликни ташкил этмоқда. Уларни саноқли дейиш мумкин.

Хасталанганларнинг аксарияти Хитойда истиқомат қилса-да, яна 30дан ортиқ мамлакатда коронавирус юқтириш ҳолатлари қайд этилган. 

Натижалари Journal of the American Medical Association тиббий журналида нашр этилган сўнгги тадқиқотларнинг бирида айтилишича, касаллик асосан 40 ёшдан 59 ёшгача бўлган одамларга таъсир қилган. 

«Болалар орасида юқтириш ҳолатлари жуда кам учрамоқда», — дейилади тадқиқотда.

Аммо бунинг сабаби нима?

Коронавирус ташқи кўринишидан тожни эслатгани учун номи испанчадаги «corona» сўзидан олинган / MAGNUM PHOTOS

Касалликнинг аломатсиз кечишими?

Аллақачон ушбу феноменни изоҳловчи кўплаб тушунтиришлар янграб ўтди, аммо нима учун болаларда касаллик ташхиси сезиларли даражада кам қўйилаётгани ҳақидаги саволга мутахассислар ҳали аниқ жавоб топа олишмаяпти.

«Бизга ҳозиргача номаълум бўлиб қолаётган сабабларга кўра болалар бу инфекцияни юқтириб олишмайди ёки касаллик енгил шаклда ўтади», — дейди Рединг университети профессори, вирусолог олим Иэн Жонс. 

Бу шуни англатиши мумкинки, болалар касалликка енгилроқ шаклда бардош беришади, баъзида аломатлар деярли сезилмайди — бундай ҳолларда, ота-оналар, қоида тариқасида, болаларини текширувга олиб боришмайди. 

Лондон Университет коллежи маърузачиси Натали Макдермотт ҳам ушбу талқинга қўшилади.

«Беш ёшгача бўлган болалар ва ўсмирларнинг иммунитет тизими одатда вирусларга қарши курашишга жуда яхши тайёрланган бўлади. Улар юқтириши мумкин, аммо касаллик енгил шаклда давом этади ёки умуман аломатларсиз ўтади», — дейди у. 

Худди шундай ҳолат 2003 йилда SARS эпидемияси тарқалишида ҳам кузатилганди. Ўша вақтда вирус 800 кишини ҳаётдан олиб кетганди — барча юқтириб олганларнинг 10 фоизи. SARS ҳам болаларни четлаб ўтган.