«Давлат пенсия таъминотига оид замонавий хизматларни жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.
Унга кўра, 2027 йил 1 январдан расмий даромадга эга бўлган шахсга ишламайдиган оила аъзоси иш стажига эга бўлиши учун ҳар ойда ихтиёрий равишда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 12 фоизи миқдорида ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади.
2026 йил 29 сентябр ҳолатига кўра, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – 1 млн 360 минг сўмга тенг. Унинг 12 фоизи 163 минг 200 сўмни ташкил қилади.
Шу билан бирга, қарорда қайд қилинишича, қуйидаги хизматлар фуқароларнинг хоҳишига кўра, интерактив шаклда кўрсатилади:
2026 йил 1 ноябрдан меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда банд бўлган ҳамда бошқа умумий белгиланган ёшни қисқартирган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқи мавжуд шахсларга имтиёзли шартларда пенсия тайинлаш;
2026 йил 1 декабрдан Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, пенсиянинг бошқа турига ўтказиш учун мурожаат қилиш;
2027 йил 1 январдан пенсия тўловини нақд пул шаклига ўтказиш ва тўхтатиб турилган пенсия тўловларини тиклаш.
2026 йил 1 октябрдан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида фаолиятни амалга оширувчилар ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган миқдордаги ижтимоий солиқ тўлаганда, уларга бир йил иш стажи автоматик ҳисобланади.














