Президентнинг “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясини амалга оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Жамиятнинг барча қатламларида мустаҳкам иродали, ҳуқуқларини биладиган, қонунларга ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўладиган, фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ҳамда ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасиз бўлган фуқароларни тарбиялаш механизмларини яратиш давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳуқуқий маданиятни юксалтириш соҳасидаги навбатдаги энг муҳим устувор вазифаларидан бири этиб белгиланади.

Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг соҳа фаолиятига оид ҳуқуқий ахборотни аҳоли ва ижрочиларга ўз вақтида етказиш, шунингдек, улардан фойдаланишни таъминлаш вазифаларининг самарали амалга оширилиши бўйича шахсий масъулияти оширилади.

Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясини 2020–2021 йилларда самарали амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланади.

Белгилаб қўйилишича, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари “Йўл харитаси”да белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши учун шахсан жавобгар бўлади.

Адлия вазирлиги:

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Болалар ва ёшларга ҳуқуқий таълим-тарбия беришнинг миллий концепциясини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

тизимли равишда кундалик учрайдиган ҳамда ҳаётий муҳим масалалар бўйича оддий ва содда тилда ҳуқуқий тарғибот материалларини тайёрлаб, кенг аҳоли қатламига етказилишини таъминлаб боради;

болаларнинг ҳуқуқий онгини шакллантиришга қаратилган интерактив мобил ўйин-иловалар ишлаб чиқилишини, шунингдек, болалар ва ёшлар ҳамда ҳар бир оила учун мўлжалланган юридик энциклопедиялар тайёрланишини таъминлайди;

2020 йил 1 августга қадар тадбиркорлик субъектларига тезкор равишда бепул ҳуқуқий маслаҳат ва маълумотлар беришни назарда тутувчи “advice for business” махсус интерактив ҳуқуқий-ахборот портали яратилиши ва ишга туширилишини таъминлайди;

2021 йил 1 январга қадар ҳуқуқий ахборот тарқатиш усулларини янада кенг жорий этиш мақсадида аҳоли учун ҳуқуқ соҳаси билан боғлиқ хизматлар ва маълумотларни олиш имконини берувчи, шу жумладан ҳуқуқий маълумот ресурсларини ўзида жамлаган ягона мобил илова яратилиши ва ишга туширилишини таъминлайди;