Сурхондарё вилоятида қайтадан ташкил этилган Бандихон туманида Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари биринчи сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Тўра Боболов, вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, тумандан сайланган Халқ депутатлари вилоят Кенгаши, туман Кенгаши депутатлари, фаоллари ва вилоят ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Сессияда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 17-18 октябрь кунлари вилоятга ташрифи чоғида Бандихон туманини қайта ташкил этиб, ҳудудни янада ривожлантириш юзасидан тегишли топшириқлар бергани, шунга мувофиқ Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилиниб, қайта тикланаётган туманнинг ҳудуди белгилангани, бу масала Қизириқ, Бойсун ва Қумқўрғон туманлари аҳолиси, халқ депутатлари туманлар ва вилоят кенгашлари сессияларида атрофлича муҳокама этилганини таъкидлади.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz’га хабар беришича, сессияда ташкилий масала кўрилиб, шу вақтгача Қизириқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Ўткир Абдузоирович Чориев Бандихон тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Маълумот ўрнида, Чориев Ўткир Абдузоирович 1977 йилнинг 30 мартида Шеробод туманида туғилган. 2001 йилда Тошкент давлат аграр университетини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги – иқтисодчи.
Фаолияти давомида Шеробод тумани молия бўлими мудири ўринбосари, бўлим мудири, вилоят ҳокимлиги молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят бўйича Ғазначилик бошқармаси бошлиғи, Қизириқ тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Сессияда шунингдек, туман прокурори, ички ишлар бўлими ва давлат солиқ инспекцияси бошлиқлари, туман ҳокими ўринбосарлари тайинланган. Кун тартибида кўрилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинган.










