Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева 17-18 февраль кунлари Дубайда бўлиб ўтган Бутунжаҳон аёллар форумида иштирок этди.

Форумнинг дастлабки кунида сўзга чиққан Мирзиёева нутқини якунлагач, мавзу юзасидан анжуман мезбонларини қизиқтирган саволларга жавоб берди.

– Фикрингизча, нега гендер тенглиги Ўзбекистон ҳукумати учун муҳим? 

– Ўзбекистоннинг янги стратегиясида инсон ҳуқуқларини таъминлаш муҳим жиҳатлардан биридир, бунга эса хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминламасдан эришиб бўлмайди.

Аёллар Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий тараққиётига катта ҳисса қўшган, лекин уларнинг меҳнати доим ҳам муносиб баҳоланмаган. Шу боис, бугун президентимизнинг хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини ўзгартиришга қаратилган доимий саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатимиздаги гендер вазият ўзгарди.

Гендер мутаносиблиги аёлларнинг қарор қабул қилишдаги ролини оширади, натижада мамлакат ижтимоий муаммоларни янада самарали ҳал қила олади, чунки аёллар ижтимоий масалаларга кўпроқ таъсирчан.

– Ўзбекистон гендер тенглиги масалалари бўйича комиссияси фаолиятининг ғояси ва ваколатлари ҳақида кўпроқ сўзлаб берсангиз.

– Биз Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш учун қонунчилик базасини яратдик, бу осон кечмади. Бу қонунларни амалиётга татбиқ этиш бундан ҳам мураккаб бўлишини англаймиз. Шунинг учун комиссиянинг бош вазифаси – гендер сиёсатини ҳаётимизнинг барча жабҳаларига жорий қилиш. Биз гендер тенглиги барча давлат ташкилотларида рўёбга чиқарилишини кузатамиз ва қўллаб-қувватлаймиз.

Шунингдек, комиссия жисмоний ва юридик шахслар томонидан гендер аломати бўйича камситиш билан боғлиқ шикоятларни ҳал қилишда юридик ёрдам кўрсатади. Комиссия одамларга гендер тенглик масалаларини тушунтириш ва уларнинг гендер масаласига дахлдорлик ҳиссини ошириш учун ҳам масъул.