Ўзбекистон | 12:05 / 19.02.2020
3956
3 дақиқада ўқилади

БваММ вазирлиги «Нол жароҳатланиш» стратегиясини амалга ошира бошлади

 Ўзбекистон меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида Ҳалқаро ижтимоий таъминот ассоциацияси томонидан ишлаб чиқилган (МАСО) Vision Zero Концепцияси ёки «Нол жароҳатланиш» стратегияси қўлланила бошланади. 

Нозим Ҳусанов/Фото: KUN.UZ

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида Vision Zero Концепцияси ёки «Нол жароҳатланиш» стратегиясини қўллаган ҳолда республиканинг корхона ва ташкилотларида шикастланиш ва касб касалликларига чалинишга барҳам бериш маданиятини кенг жорий қилиш чораларини кўрмоқда.

БваММВ раҳбари Нозим Ҳусановнинг «Хавфсиз меҳнат – ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи» кўргазма-семинарида маълум қилишича, Vision Zero Концепцияси ёки «Нол жароҳатланиш» – бу ишлаб чиқаришнинг барча поғоналарида уч йўналишни – меҳнат гигиенаси, ходимларнинг хавфсизлиги ва уларнинг фаровонлигини бирлаштирадиган ҳамда ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касб касаллиги кўрсаткичларининг пасайишида иш берувчиларга кўмаклашувчи еттита «Олтин қоидалар»ни амалга оширишга қаратилган. 

Семинарда аниқлик киритилишича, давлат назорати натижаларига биноан, бахтсиз ҳодисалар қурилиш соҳасида иш ҳажмининг ошиши билан бир вақтда технологик жараённинг мураккаблашиши, сақловчи мосламалар ва тўсиқлар мавжуд эмаслиги, шунингдек ходимлар шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланмагани, лойиҳа ҳужжатларига ва ишлаб чиқариш технологик талабларига амал қилмаслик, ходимларнинг меҳнати нотўғри ташкил қилинганлиги, хавфсиз меҳнат усулларига ўқитилиб, йўл-йўриқдан ўтказилмаган шахсларнинг ишга қўйилгани, ходимларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказмаслик ва санитария-маиший шароитлар яратилмаганлик ҳолатлари мавжудлиги сабаб рўй бермоқда. 

Бутун дунёдаги меҳнат қонунчилигига мувофиқ ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш – бу иш берувчининг мажбурияти ҳисобланади. Инсон ҳуқуқларига риоя қилиш нафақат қонуний талаб, бу соғлом бизнес амалиётидир.

Вазирнинг таъкидлашича, бугунги кунда тадбиркорлик субъектлари ва корхона ва ташкилотлар бахтсиз ҳодисалар ҳамда касб касалликлари содир бўлгандан кейин унга муносабат билдириш билан чегараланиб қолинмоқда. Ваҳоланки, халқаро стандартлар, хусусан, ХМТнинг тавсиясига кўра, меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими (СУОТ) ҳар бир корхона ва ташкилотларда бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олиш бўйича иш ўринлардаги хавфларни аниқлаш, баҳолаш, уларни бартараф этиш ёки минималлаштириш чораларини кўришни белгилаб беради.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид