Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги олий даражали делегациянинг Анқарага ташрифи илк куни якунида икки давлат раҳбарлари иштирокида брифинг ташкил этилди.

Kun.uz мухбирининг Анқарадан хабар беришича, Мирзиёев ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўған билан бўлган музокараларни «жуда батафсил, очиқ ва самимий» дея таърифлаган.

«Аввало, Ўзбекистон Республикаси делегациясига қардош Туркия заминида кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиром, самимий меҳмондўстлик учун Туркия президенти, қадрдон дўстим Ражаб Тоййиб Эрдўған жаноби олийларига ҳамда биродар турк халқига чин қалбимдан ташаккур изҳор этаман», деди Мирзиёев сўзи аввалида.

Давлат раҳбари сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатларида тарихий ва ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини таъкидлади.

«Олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши дўстона алоқаларимиз тарихида янги саҳифа очади», деди Ўзбекистон президенти.

Шавкат Мирзиёев қардош халқ расмийлари билан бўлиб ўтган музокаралар «жуда батафсил, очиқ, самимий ва ишонч руҳида» ўтганини қайд этди.

«Ўртамизда жуда сермазмун суҳбат бўлди. Ўзбек-турк муносабатларининг ҳолатига баҳо бердик. Ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишларини ривожлантиришга қаратилган вазифаларни белгилаб олдик», деди президент.

Унинг сўзларига кўра, музокаралар аксарият долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар, шунингдек БМТ, ИҲТ ва Туркий тилли давлатлар кенгаши доирасидаги ёндашувлар ҳам муштарак эканини кўрсатган.

Шунингдек, муҳокамаларда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни жадаллаштириш устувор вазифа экани яна бир бор таъкидланган. Охирги йилларда ўзаро савдо ҳажми 2 баробарга ошгани, мингга яқин қўшма ширкатлар ташкил этилгани мамнуният билан қайд этилган.

«Товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш учун барча имконият ва салоҳият мавжудлигини эътироф этдик ва ҳамма соҳалар бўйича батафсил келишиб олдик. Ўйлайманки, бу беш миллиард ҳам ҳали биз учун чегара эмас. Нимага десангиз, ниятларимиз жуда катта», дея урғу берди Ўзбекистон президенти.

Мирзиёевнинг айтишича, бугунги йиғилиш ҳали ишга солинмаган катта резерв имкониятлар борлигини кўрсатган.

«Туркиянинг етакчи компаниялари билан қўшимча 1 миллиард доллардан ортиқ лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Бу жараёнларни ҳам икки томонлама қўллаб-қувватлашга келишиб олдик», деди давлат раҳбари.