Илм – шубҳасиз машаққатли йўл. Бу йўлдан бориш, илм-фанда ютуқларга эришиш аёл киши учун ва айниқса ўзбек жамиятида осон вазифа эмас. Шундай бўлса-да, қатъий истак, сабр ва яқинларининг қўллаб-қувватлаши билан илмда муваффақиятли фаолият юритиб келаётган ўзбек аёллари ҳам оз эмас.

Ана шундай тадқиқотчилардан бири – Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг 2-босқич докторанти Нигора Ҳакимова айни кунларда Оксфорд университетининг Исломшунослик марказида илмий изланиш билан банд.

  Kun.uz'нинг Англияга сафари давомида Оксфорд шаҳрида ҳам бўлиб, атоқли университетнинг Исломшунослик марказида тадқиқот ўтаётган илк ўзбек аёли билан суҳбатлашдик.

Нигора Ҳакимова университет шаҳарчасида олиб бораётган илмий тадқиқоти, тўйлар ва ажралишлар, ислом илмини аёлларга ўқитиш масалалари, фарзандлари ўқиётган Оксфорддаги мактаблар, ғарб маданияти ичида фарзанд тарбиялаш ва келгуси режалари ҳақида гапириб берди.

«Бу – Оксфордга иккинчи марта келишим. Биринчи марта 2016 йилда келгандим. Ундан олдин 2 йил давомида АҚШнинг Global Engagement институти тадқиқотчиси бўлиб, тадқиқотимнинг натижалари ҳақида Оксфорд университетининг диншунослик симпозиумида маъруза қилган эдим.

Ҳозирда Буюк Британиянинг Chevening дастури доирасида шу ерда тадқиқот олиб боряпман. Тадқиқотим мавзуси – Қаффол Шошийнинг «Маҳасину шариат» асаридаги ислом ҳуқуқи асослари.

Қаффол Шошийни халқимиз, хусусан Тошкент аҳолиси Ҳастимом (Ҳазрати имом) номи билан яхши танишади. Олимнинг илмий фаолияти кўп томондан ўрганилган. Охирги пайтларда унинг дипломатик қарашлари ҳақида ҳам илмий ишлар қилинди. Менинг тадқиқотим эса Қаффол Шошийнинг ислом ҳуқуқи асослари, ислом ҳуқуқи методологияси, яъни усул ул-фиқҳ ривожига қўшган ҳиссаси тўғрисида.

Мен ўрганаётган асар – «Маҳасину шариат» айнан фиқҳий китоб бўлиб, бошқа фиқҳий асарлардан фарқи – унда ислом ҳуқуқи кўрсатмаларининг мазмун-моҳиятига эътибор қаратилади. Масалан, намозда нима учун таҳорат фарз қилинди, дея савол қўйган Қаффол Шоший бунинг моҳиятига киришга ҳаракат қилади.

Шунингдек, муаллиф асарда ислом ҳуқуқи кўрсатмалари – инсон ақлига мувофиқ келадиган, ақл қабул қиладиган кўрсатмалар эканини исботлашга ҳаракат қилган.