Январь хатоси
Январь ойида «Барселона» ҳужумчиси Луис Суарес тиззасидаги жароҳати (тизза пайининг ой ўроғи шаклидаги ички ва ташқи тоғайлари шикастланган) туфайли операция қилинди. Аввалига у ушбу жароҳат туфайли 6 ҳафта ичида майдонга қайтиши кутилганди, аммо вазият кутилганидан оғирроқ бўлиб чиқди. Суарес аввал ҳам бир неча марта жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган, у 33  ёшда ва энди унинг организми 23 ёшидаги каби тиклана олмайди. Қисқаси, Суарес май ойига қадар сафдан чиқди.

Twitter / @FCBarcelona

Ҳали қишки трансферлар ойнаси очиқ эди, аммо ҳеч бир клуб мавсум ўртасида кучли ҳужумчиси билан хайрлашишни истамасди («Барселона»га эса айнан юқори савияли ҳужумчи керак эди). Кўк-анорранглилар «Интер»дан Лаутаро Мартинесни, «Валенсия»дан Родригони ва ҳатто «Арсенал»дан Пьер-Эмерик Обамеянгни сотиб олмоқчи бўлишди. Трансферлар ойнасининг сўнгги кунида «Барса» барибир янги ҳужумчи трансфер қилди — «Брага»га қанот ҳужумчиси Тринкау учун 31 миллион евро тўланди. Аммо бу футболчи Каталонияга фақат ёзда келиши мумкин. «Биз ҳозир қайсидир ҳужумчини сафга қўшиб олмасликка қарор қилдик, — деди январь охирида «Барселона» директори Гильермо Амор. — Агар трансфер жамоани кучайтира олмаса, бундай хариддан фойда йўқ».

Дембеленинг навбатдаги жароҳати

Бу узоқни кўра билмасдан чиқарилган қарор бўлиб чиқди. Суарес йўқлиги каталонларга мавсумнинг қолган қисмида билиниши тайин эди. Форвард етишмовчилиги жамоа ўйинида акс эта бошлади: 6 февраль куни «Барселона» Испания Кубоги чорак финалида «Атлетик» дарвозасига гол ура олмади ва ўйин охирида гол ўтказиб турнирни тарк этди. Ўша куни ҳужум чизиғида асли ҳимоячи бўлган Сержи Роберто ҳаракат қилишга мажбур бўлди.

Фото: Getty Images

«Атлетик» билан ўйинга икки кун вақт қолганида «Барса»нинг энг нозик футболчиси Дембеле яна жароҳат олди. Француз ноябрь ойида олган жароҳатини тузатаётганди, аммо февраль ойидаги машғулотлар вақтида бел қисмини шикастлаб олди. Шифокорлар текширувлардан сўнг у яна беш ой футбол ўйнай олмаслигини айтишди.

Каталонлар ихтиёрида атиги икки нафар «тоза» форвард қолди — Месси ва Гризманн. Ёш Фати ҳам бор, аммо, у ҳали 17 ёшда, қолаверса у ўйин услубига кўра ҳужумчидан кўра қанот яримҳимоячиси. Кике Сетьен ҳали жамоада ўз ўйин схемасини танлай олгани йўқ, жамоа ўз одатига кўра 4-3-3 схемасида ҳаракат қилиб келмоқда. Бу ҳолатда форвард етишмовчилиги яққол билинади.