Википедия кўплаб тилларда маълумот берувчи дунёдаги энг катта очиқ интернет энциклопедиясига айланиб улгурди. Бу сайтнинг муассиси АҚШдаги «Фонд Викимедиа» нотижорий ташкилоти ҳисобланади. Бугун бу ташкилотнинг 37та ҳудудий бўлинмалари бор. «Википедия» сўзи инглизчадан олинган: «Wiki» – тез маъносини билдирса, «pedia» энциклопедия сўзи ўзагидан олинган. Сайт 2001 йил Жимми Уэйлс ва Ларри Сэнгер томонидан очилган.

Вики тарих

Википедия аввалига инглиз тилида бепул маълумот берувчи «Нупедия» онлайн-лойиҳасига қўшимча тарзда яратилади. 2001 йил 10 январда Уэйлс ва Сэнгер Нупедиянинг номини Википедия деб ўзгартиришади. 2001 йил 15 январда www.wikipedia.com сайти расман очилади. Ўша йил сўнгигача сайтда 18 тилда 20 мингта турли мавзулардаги маълумот пайдо бўлади. 2002 йилда жами 26 тилда 46 мингта маълумот жойлаштирилади. 2007 йилга келиб Википедиянинг инглиз тили бўлимида 2 миллионта маълумот жойланганди.

Вики жамияти

Википедиядан маълумот олувчи оддий фойдаланувчилар унга ўзлари ҳам маълумот жойлашлари ва аввалроқ жойланган маълумотлардаги эскирган жойларини тўғрилаши мумкин. Аноним тарзда интернетдан фойдаланувчилар маълумотларни янгилай олишмайди. Википедия очиқ маълумотлар базаси бўлгани учун аноним фойдаланувчиларга сайт маълумотларини таҳрирлашга имконият бермайди.

Википедияга маълумот жойлайдиганлар кўнгилли сифатида ишлайди ва уларга ҳеч қандай ҳақ тўланмайди. Википедияда энг катта гуруҳ 2008 йил инглиз тилидаги бўлимга маълумот жойлайдиган кўнгиллилардан йиғилади.

Сайт жуда аниқ қоидалар билан ишлайди ва кўнгиллиларни қатъий тартиб билан танлаб уларга маълумот жойлашда аниқ талаблар қўяди. Мабодо кўнгиллилардан бирортаси диний, ирқий камситишлар ёки зўравонликка тарғиб қиладиган маълумотларни киритмоқчи бўлса, ундай маълумотлар сайтга киритилмайди ва ўша кўнгилли зудлик билан сайт маъмурлари сафидан ўчирилади.

Вики тиллари

Фото: Jaap Arriens / Zuma/ ТАСС

Бошланишида 10дан ортиқ тилда маълумот берган Википедияда 2015 йилга келиб дунёнинг 300га яқин тилида маълумотлар жойланади. Жумладан, 51та тилда 100 000дан ошиқ, қолган 237та тилнинг ҳар бирида 10 000дан ошиқ маълумотлар жойланган.

Тиллар орасида интернет фойдаланувчилари ташрифи бўйича энг оммабопи инглиз тили ҳисобланади. Бошланишига умумий ташриф буюрувчиларнинг 60 фоиздан ортиғи айнан инглиз тили бўлимидан маълумот қидиради. Ўшанда бошқа тиллардаги бўлимга ташриф буюрувчилар сони анча кам бўлган. Масалан, умумий фойдаланувчиларнинг 7,8 фоизи испан, 6,7 фоизи немис, 5,8 фоизи япон тили бўлимига кирган. Кейинчалик вазият анча ўзгариб, бошқа тилларнинг кўрсаткичлари ошиб боради.