Технология | 18:50 / 28.10.2025
2745
2 дақиқада ўқилади

Илон Маск Википедиянинг муқобили Грокипедияни ишга туширди

Миллиардер Грокипедиянинг мақсади «ҳақиқат, фақат ҳақиқат ва ҳақиқатдан бошқа ҳеч нарса эмас», деди.

Сайтдан скриншот

Илон Маскнинг xAI компанияси Grokipedia онлайн энциклопедиясини ишга туширди, миллиардер уни Википедияга нисбатан «кенг кўламли яхшиланиш» деб атади. Хизмат бета-синов босқичида: ҳозирча мақолалар фақат инглиз тилида ва расмларсиз мавжуд. Бу ҳақда The Verge хабар берди.

Ишга туширилган пайтда Грокипедияда тахминан 885 минг мақола бўлиб, бу Википедиядаги тахминан етти миллион инглизча мақоладан анча кам. Сайт дизайни минималистик: бош саҳифа қидирув сатридан иборат бўлиб, материаллар сарлавҳалар, кичик сарлавҳалар ва манбаларга ҳаволалар билан матн шаклида безатилган.

Барча материаллар Грок чатботи ёрдамида «текширилгани» таъкидланмоқда. Фойдаланувчилар ҳали мақолаларни тўғридан-тўғри таҳрирлай олмайди - таҳрирлаш тугмаси фақат баъзи саҳифаларда пайдо бўлади ва у ерда фақат муаллифларни кўрсатмасдан аллақачон киритилган ўзгаришларни кўриш мумкин. Маск «Грок ва Грокипедиянинг мақсади ҳақиқат, фақат ҳақиқат ва ҳақиқатдан бошқа ҳеч нарса эмас» деб ваъда берди.

Бироқ Grokipedia контентининг бир қисми Википедиядан деярли сўзма-сўз кўчирилгани маълум бўлди - масалан, MacBook Air ва PlayStation 5 ҳақидаги мақолалар. Бундай саҳифаларнинг пастки қисмида Контент Creative Commons Attribution-ShareAlike 4.0 лицензияси асосида Википедиядан олинган деб кўрсатилган. Wikimedia Foundation вакили Лорен Дикинсон бунга шундай изоҳ берди: «Ҳатто Грокипедия ҳам мавжуд бўлиши учун Википедияга муҳтож».

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид