Алишер Мамадалиев билан унинг Ўзбекистондаги иши, бугунги кундаги иши, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш жараёни, «ГАИ» ходимлари билан муносабат ҳамда таксичилик ортидан топадиган ойлик даромади ҳақида суҳбатлашдик.

«Ойлигим 650 минг сўм эди»

Мен Андижон вилояти Асака шаҳриданман. Россияга келишимдан олдин UzDаewoo автокомпаниясининг йиғув цехида ишлаганман. Компанияда бир ойда норма иш соати 176 соат эди. Лекин режа қўйишар эди. Иш соати ҳам режага қараб ҳар хил бўлган. Лекин ишга қараганда ойлик маош жуда паст эди. 12 соат давомида битта конвейерда туриш жуда оғир  эди. Ишлатадиган асбоб-ускуналаримизнинг оғирлиги 4-5 кг, энг енгили 3 кг эди. 2015 йилда компаниядан чиқиб кетаётганимда ойлигим 650 минг сўм эди.  

«Россияда ҳайдовчилик гувоҳномаси 25 мингдан 35 минг рублгача»

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун 3 ой давомида ўқилади. Тўлов эса 3 ой учун энг камида 25 минг рублдан 35 минг рублгача. Имтиҳонда 20та савол берилади. Агар имтиҳондан ўта олмасангиз, кейинги имтиҳон 15 кунда ёки 1 ойдан кейин бўлиши мумкин. Биринчи имтиҳондан кўпчилик ҳолатда йиқилишади. Чунки 20та саволга жавоб бериш осон эмас. Россиядаги йўл белгилари билан Ўзбекистондаги йўл белгиларининг анча фарқи бор.

«Ҳайдовчилик гувоҳномасини таниш-билиш қилиб олса бўлади»

Ҳайдовчилик гувоҳномасини таниш-билиш қилиб олса бўлади. Лекин ўқиш керак. Агар ўқимасдан гувоҳнома олмоқчи бўлсангиз, ГАИда таниш бўлиши керак. ГАИ ходимлари тўғридан-тўғри келиб сиздан пул сўрамайди. Таниш орқали олишнинг нархлари бор. Назарий имтиҳондан ўтиш нархи 15 минг рубль, амалийси ҳам 15 минг рубль, умумий 30 минг рубль бўлади.  35 минг рубль ўқишга, 30 минг рубль имтиҳонга сарфласангиз, бу ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш 1000 долларга тушади дегани.

Агар Ўзбекистонда олган ҳайдовчилик гувоҳномангиз бўлса стажингизга қўшиб беради. Бўлмаса янги ҳайдовчилик гувоҳномаси беради. Янги ҳайдовчилик гувоҳномаси олганларга 3 йилгача таксичилик қилиш мумкин эмас. Қонун бўйича шунақа тартиб.