Президент Шавкат Мирзиёев 19-20 февраль кунлари Туркияда расмий ташриф билан бўлиб қайтди

.

Ташриф жараёнларини Анқарадан туриб ёритган Kun.uz мухбири Ўзбекистон делегацияси таркибидаги бир нечта ҳукумат аъзолари билан суҳбатлашди.

Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ташрифнинг Ўзбекистон тиббиётини ривожлантиришдаги ўрни, тузилган шартномалар, коронавирус ва тизимдаги коррупция масалалари бўйича саволларга жавоб қайтарди.

– Ўзбекистон–Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг илк йиғилишида ва президентнинг турк тадбиркорлари билан учрашувида кўпгина ҳужжатлар имзоланди. Булар орасида тиббиётимиз ривожига ҳисса бўладиган қандай келишувлар бор?

– Айтишим керак бўлган биринчи масала: Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан бир нечта шартномалар имзоладик. Шунингдек, келгусида биргаликда қилинадиган ишлар учун йўл харитасини тасдиқлаб олдик.

Шу билан бирга, Туркия тиббиётида қўлланаётган энг илғор технологияларни Ўзбекистонга ҳам олиб келиш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказдик.

Тан олиб айтиш керакки, бугунги кунда тиббий хизматни яхшилаш борасида ўтказилган ислоҳотлар тезкорлиги бўйича Туркия жаҳонда энг илғорлардан бири. Масалан, Францияда тиббиётдаги ислоҳот, тиббий суғуртани жорий қилиш масалалари 60 йил, Жанубий Кореяда эса 40 йил давом этган. Бу ислоҳотлар айнан Туркияда жуда қисқа муддатда ўтказилди – 10 йил.

Туркияда аҳолининг тиббий ёрдам билан қамрови ҳозир деярли тўла таъминланган. Кўрсатиладиган тиббий хизматнинг сифат даражаси эса бу йўналишдаги ишларга ўзига хос жозиба бериб туради. Шундан келиб чиққан ҳолда биз ҳам тиббиётдаги бошқарув, тиббиётни молиялаштириш, суғурта, ундаги илмни ва соҳада кадрлар тайёрлаш тажрибасини ўрганишни олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз.

Ўзаро келишувларимиз мана шу мақсадга хизмат қилиши керак.

– Қандай амалий келишувларга эришилганини айта оласизми?

– Биз соҳада сифатли кадрлар тайёрлаш бўйича Туркиянинг бир нечта университетлари билан музокаралар ўтказдик. Масалан, Саломатлик билимлари университети. Бу – Туркияда соғлиқни сақлашга ихтисослашган ягона университет ҳисобланади.

Биз 2019 йилда Бухоро тиббиёт институтида Туркия билан ҳамкорликдаги иккита қўшма лойиҳани амалга оширган эдик. Лойиҳа бўйича абитуриентларни қабул қилиб ўқитиш жараёнлари ҳам бошланди. Бу биринчи қадам бўлган.