Афғонистонда янги COVID-19 коронавируси юқтириши билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Фирозуддин Фирузга асосланган ҳолда 1TV News телеканали хабар тарқатди.
Афғонистон соғлиқни сақлаш вазири 23 февраль куни Ҳирот вилоятида уч киши коронавирус юқтиришда гумон қилиниб, улардан намуналар олинган, текширувлар натижасида уларнинг бирида коронавирус юқтириш ҳолати тасдиқланган. Бемор яқинда Эроннинг Қум шаҳридан Афғонистонга қайтгани айтилмоқда.
Телеканал хабарида айтилишича, айни вақтда Ҳиротда фавқулодда ҳолат жорий этилган.
Айни вақтда Кувайт ва Баҳрайнда ҳам коронавирус билан боғлиқ илк ҳолатлар қайд этилди.
Баҳрайн ахборот агентлиги (BNA) қироллик соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотига асосланиб хабар беришича, Эрондан келган фуқарода янги типдаги коронавирус аниқланган ва бу мамлакатдаги илк ҳолатдир. Бемор ким билан алоқада бўлган бўлса уларнинг барчаси Манамадаги тиббиёт марказида карантинга жойлаштирилган.
Баҳрайн ҳукумати вирус кенг тарқалиши олдини олиш чораларини кўрмоқда.
Кувайтда эса уч киши коронавирусдан зарарлангани аниқланди. Беморларнинг барчаси шу кунларда Эронда бўлиб қайтганди.
Сўнгги кунларда Эрон ҳам коронавируснинг янги ўчоғига айланди. Эрон тиббиёт ходимлари 19 февраль куни мамлакатда коронавирус юқиши билан боғлиқ илк ҳолат ҳақида маълум қилишганди, ўтган вақт ичида 12 нафар эронлик вирус қурбонига айланган. Сўнгги маълумотларга кўра, Эронда вирусдан зарарланганлар сони 47 нафарни ташкил қилмоқда. Уларнинг барчаси Қум шаҳрида яшовчилар ёки шу шаҳарда бўлганлардир.
Тасдиқланмаган маълумотларга кўра эса Эронда коронавирус қурбонлари сони 50 нафардан ортиқ.
Коронавирус Европага тарқалмоқда, Италия шаҳарлари карантинда. Сўнгги маълумотлар
Янги коронавирус
Хитой ҳукумати 2019 йилнинг 31 декабрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига мамлакатнинг марказий қисмидаги Ухан шаҳрида (Хубэй провинцияси) номаълум касаллик тарқалаётгани ҳақида хабар берганди. Мутахассислар касаллик қўзғатувчиси - янги коронавирус эканини аниқлашди. ЖССТ январь ойининг иккинчи ярмига келибгина вирус тарқалишини жаҳон миқёсидаги фавқулодда ҳолат сифатида эълон қилди ва вирусга янги расмий ном берилди - COVID-2019.

















