Ўзбекистон | 09:58 / 25.02.2020
9020
4 дақиқада ўқилади

Бухоронинг 2040 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режаси тасдиқланади

Бухоро шаҳрининг 2040 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режаси тасдиқланади

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Бухоро шаҳрининг 2040 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режасини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика архитектура-шаҳарсозлик кенгаши билан келишилган Бухоро шаҳрининг 2040 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режасининг асосий ечимлари ва техник-иқтисодий кўрсаткичлари тасдиқланади.

Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳар ҳокимликлари тасдиқланган шаҳар бош режасига мувофиқ:

а) Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболларга мўлжалланган қурилиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш истиқболларини режалаштиришни ҳисобга олган ҳолда лойиҳанинг биринчи босқичи 2028 йилгача бўлган даврга мўлжалланган Бухоро шаҳрини комплекс қуриш Дастури лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритадилар;

Бухоро шаҳрининг тасдиқланган бош режаси асосида, Бухоро шаҳри чегара чизиғи лойиҳасини 2020 йил 1 июнгача Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда тақдим этади.

б) манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда қуйидагиларни таъминлайдилар:

шаҳар ерларидан мақсадсиз фойдаланишга ва ноқонуний қурилишларни амалга оширишга йўл қўймаслик юзасидан қатъий назорат ўрнатиш йўли билан улардан самарали фойдаланиш;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва магистрал кўчалар, йўл ўтказгичлар ва автобекатларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашни ҳисобга олган ҳолда йўл-транспорт инфратузилмаси тизимини такомиллаштириш;

энергияни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш йўли билан сув таъминоти, канализация, ирригация, электр таъминоти, газ таъминоти, иссиқлик таъминоти ва телекоммуникациялар объектларини қуриш ва реконструкция қилиш йўли билан муҳандислик-коммуникация тузилмасини модернизация қилиш;

ҳудуднинг шаҳарсозлик қиёфасини шакллантирувчи мавжуд майдонлар, ободонлаштирилган хиёбонлар ва боғларни реконструкция қилиш ва янгиларини қуриш йўли билан архитектура-режалаштиришни яхшилаш ишларини ташкил этиш ҳамда архитектура ансамбллари яратиш;

уй-жой, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият, санъат ва дам олиш объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ҳисобига инфратузилмани ривожлантириш;

илмий гидрогеологик тадқиқотлар асосида сизот сувлар сатҳини пасайтириш бўйича шаҳар ҳудудини муҳандислик жиҳатидан тайёрлаш тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

аҳолининг фуқаролик муҳофазаси бўйича муҳандислик-техник тадбирларни ишлаб чиқиш;

биринчи навбатда қуриладиган ҳудудларнинг батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқишни ташкил этиш;

шаҳарнинг тасдиқланган бош режасига мувофиқ шаҳарнинг қурилиш базасини ривожлантириш тадбирларини амалга ошириш.

в) ЮНЕСКО Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Бухоро шаҳрининг тарихий маркази ва унинг муҳофаза ҳудудида шаҳарнинг тарихий қиёфасига таъсир қиладиган ўзгартириш киритмаслик ва айрим ўзгаришлар киритилиши назарда тутилганда олдиндан Маданият вазирлиги ва ЮНЕСКО Умумжаҳон маркази билан меросга бўлган таъсирни баҳолаш ҳисоботи тайёрланиб келишилиши белгиланади.

Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳри ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари, лойиҳа-қидирув ташкилотлари раҳбарлари зиммасига 2040 йилгача бўлган даврга мўлжалланган Бухоро шаҳри бош режасини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, шаҳарсозлик жиҳатидан таъминловчи объектларни комплекс ва оқилона жойлаштириш, шунингдек, ушбу мақсадларга йўналтирилаётган молиявий маблағлардан мақсадли фойдаланиш юзасидан шахсий жавобгарлик юкланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид