Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда 78 мингга яқин киши коронавирус билан касалланган, улардан 2663 киши вафот этган. Бошқа ўнлаб мамлакатларда 2000дан ортиқ инфекцияга чалиниш ҳолати ва 37та ўлим ҳолати қайд этилган. 

Зотилжам вируси келтириб чиқарувчи касаллик ҳолатлари ўтган ҳафта Жанубий Корея, Эрон ва Италияда авж олди, бу мамлакатларда сўнгги кунлар ичида ўнлаб кишилар вирус юқтириш оқибатида оламдан ўтди.

Душанба куни Ироқ, Афғонистон, Кувайт, Уммон ва Баҳрайн давлатлари вирус юқтириб олган илк беморлар ҳақида хабар беришган — бу ҳолатларнинг барчасида Эрондан келган фуқаролар касаллангани аниқланган. Баҳрайн расмийларининг маълум қилишича, коронавирус мактаб автобуси ҳайдовчисида топилган ва натижада бир нечта мактаблар ёпилди.

Kuwait City шаҳридаги ресторандаги аёллар (AFP Photo/YASSER AL-ZAYYAT)

Эрон қўшнилар учун хавф манбаига айланди. Ҳукумат коронавирус бўйича маълумотларни яширмоқдами?

Дунёда аҳвол қандай: 

  • Хитой коронавирус тарқалишини чеклаш мақсадида ҳар йилги парламент йиғилишини қолдирди;
  • Хитой ҳукумати ёввойи ҳайвонлар гўштини истеъмол қилишни, шунингдек йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги ҳайвон турларини ов қилиш, ташиш ва улар савдосини тақиқлади. Маълумки, янги коронавирус эпидемияси Ухандаги ёввойи ҳайвонлар бозорида бошланган;
  • Душанба куни Хитойда 508та янги Covid-19 ҳолати, асосан, Уханда қайд этилди;
  • Эрон якшанба куни мамлакатда Covid-19’нинг 64 ҳолати аниқланганини тасдиқлади, уларнинг аксарияти дунё шиаларига диний билим берувчи Қум шаҳрида. Расмий маълумотларга кўра, 12 киши вафот этган. Душанба куни парламентнинг Қум шаҳридан бўлган депутати ҳукуматни эпидемия билан боғлиқ фактларни яширишда айблаб, у ерда касалликдан аллақачон 50 киши вафот этганини айтди. Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу баёнотни дарҳол рад этди;
  • Жанубий Кореяда коронавирус билан касалланганлар сони 893 кишига етди, мамлакатда 8 киши вирус қурбони бўлган
  • Шимолий Корея 380 нафар чет эл фуқаросини коронавирус таҳдиди остида карантинга олди;
  • Татаристонда, «Даймонд Принцесс» круиз кемасининг саккиз нафар йўловчиси Қозондаги касалхонага етказилганидан сўнг, ижтимоий тармоқлар коронавирус билан хасталанганлар ҳақидаги ташвишли хабарларга тўлиб кетди. Маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги ваҳима қўзғаш учун ҳеч қандай сабаб йўқлигини айтмоқда;