Ўзбекистон | 13:18 / 26.02.2020
13928
2 дақиқада ўқилади

Асқар Мамин Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида янги халқаро марказ қурилиши ҳақида маълум қилди 

Урганчда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида «Агросаноат кооперацияси, саноат ва туризм соҳасида ҳудудий бизнеснинг ҳамкорлиги» мавзусида иккинчи ҳудудлараро форум бўлиб ўтмоқда. 

Фото: KUN.UZ

26 февраль куни Ўзбекистон ва Қозоғистон бош вазирлари Абдулла Арипов ҳамда Асқар Мамин учрашди. Ҳукумат раҳбарларининг тор доирада музокаралари бўлиб ўтди.

«Давлатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий интеграцияларни кучайтиришда туризм муҳим аҳамиятга эга. Халқларимизнинг яқинлиги, менталитетларнинг ўхшашлиги ўзаро туристик ташрифларни минтақадаги хизматлар соҳасида энг юқори суръатда ривожланишига туртки беради. Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро сайёҳлик оқими бугунги кундаёқ йилига 3 млн.дан ортган. 

Биз туристик бозорлар интеграциясини ривожлантириш, қўшма туристик маҳсулотларни ишлаб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришимиз лозим. Туризм ва туристик инфратузилмани биргаликда ривожлантириш мақсадида Туркистон, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларидаги туристик объектлар бўйлаб қўшма йўналиш очишни таклиф қиламиз.

Давлатларимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича улкан салоҳиятга эга. Қозоғистонда улгуржи-тақсимлаш ва агрологистик марказлар тармоғини яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда, бу маҳсулотлар етказиб бериш ҳамда уларни сақлаш бўйича ишларни оптималлаштиради. Ўзбекистон ҳам бу йўналишдаги лойиҳалар устида фаол ишламоқда. Шу мақсадда, давлатларимиз инфратузилмасини интеграция қилиб, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини ўзаро ишларга фаол жалб этиш ҳамда кейинчалик учинчи давлатларга маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича таклиф беряпмиз.

Евросиё қитъасидаги энг йирик бозорларнинг географик жиҳатдан қулай жойлашгани Қозоғистон ва Ўзбекистонни ноёб имкониятлар билан таъминлайди. Биз Қозоғистон - Ўзбекистон чегарасида Марказий Осиё савдо-иқтисодий ҳамкорлик халқаро маркази яратилишига катта эътибор қаратмоқдамиз. 14 март куни бўлажак марказ қуриладиган жойга биргаликда ташриф буюрамиз. Лойиҳа ҳақидаги келишувга олий сиёсий даражада эришилди», - деди Қозоғистон бош вазири Асқар Мамин.

Мавзуга оид