Мухлисларни катта ўйинлар кутмоқда — Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида бошқачаси бўлмайди. Бу босқичга тенг кучли жамоалар етиб келишади. Клубларнинг мақсадлари ҳам ўхшаш, таркиблар ва ундаги юлдузлар ҳам тенг кучли. Қуйида бугун ўзаро тўқнашадиган жамоаларнинг ҳозирги ҳолати, тактикалари, сўнгги натижалари ва таркиблардаги йўқотишлари асосида имкониятлари таҳлил қилинади. «Барселона» сафар ўйинида Суарессиз қандай кўринади, асосий ҳимочисини йўқотган «Наполи» Кулибалисиз қандай ўйнайди?

Бу оқшомда кўпчиликнинг эътибори жамоалар мураббийи ишига ҳам қаратилади. Аниқроқ айтганда, бу мутахассислар максимал даражадаги босим остида ўзларини қандай ҳис қилишади. Бу мавзу ҳаддан ташқари долзарб, чунки бугун ўйнайдиган 4 жамоанинг мураббийлари учун бу ўйинлар Чемпионлар лигаси плей-офф босқичидаги дебют ҳисобланади.

«Наполи» - «Барселона» (Тошкент вақти билан 26 февраль куни соат 1:00, жавоб ўйини 18 март)

«Наполи» ва «Барселона»да мавсум давомида мураббий алмашган: Женнаро Гаттузо Карло Анчелотти ўрнига, Кике Сетьен — Эрнесто Вальверде ўрнига келган.

«Наполи» асосан 4-3-3 схемасида ҳаракатланади ва тўпга эгалик қилишга эътибор қаратади. Неаполитанликлар жамоасида яхшигина ижрочилардан таркиб топган ҳужум чизиғи мавжуд: Лоренцо Инсинье, Дрис Мертенс, Аркадиуш Милик ва Маттео Политано. Гаттузо қишда «Лейпциг»дан таянч яримҳимоячиси Диего Деммени сотиб олди ва майдоннинг марказий қисмини мустаҳкамлади. Мудофаа чизиғи марказида жароҳат туфайли Холид Кулибали ўйнамайди, унинг йўқлигини Никола Максимович ва Костас Манолас билинтирмасликка ҳаракат қилишади.

«Наполи» — балансга эга жамоа, қолаверса, футболчиларда курашувчанлик етарли, жамоани еврокубокларда футболчи сифатида катта тажрибага эга бўлган, икки марта ЕЧЛда ғолиб бўлган мураббий бошқаради. У кучли рақибга осонликча таслим бўлмаслиги аниқ. Ҳозирги «Наполи» «Милан»нинг олтин даврларидаги жамоадан таркиб сифатида кучсизроқ, лекин неаполитанликлар Карло Анчелотти кетгач ўзига кела бошлади ва А Серия етакчилари сафига қайтмоқда.

Чемпионлар лигасида савияли футболчиларни таркибга жамлашнинг ўзи кифоя қилмайди. Харизма ҳам керак. Гаттузода эса бу керагидан ортиқ. Буни футбол нуқтайи назаридан тўғри қўллай олиш муваффақият келтириши мумкин чунки Чемпионлар лигаси — ғоялар рақобатидир. Бу турнирда даража кўп нарсани белгиламайди, Хосеп Гвардиоланинг «Барселона»си ўз вақтида Жозе Моуриньонинг «Интер»и қаршисида ожиз қолганди.