Россияга хизмат сафарида бўлиб қайтган Kun.uz мухбирлари бу мамлакатда турли касб билан машғул ватандошларимиз ҳаёти, яшаш тарзи, орзу-истаклари акс этган туркум мақолаларни бериб бермоқда.

Навбатдаги суҳбатдошимиз – 2017 йилдан буён Москвада, Samsung компаниясида телефон тузатувчи уста бўлиб ишлаб келаётган қашқадарёлик Шавкат Имамов.

«Ҳунарли киши хор бўлмас» деган нақл бежизга айтилмаган. Устанинг айтишича, ҳозирда ойлик даромади 150-160 минг рублни (2300-2450 доллар атрофида) ташкил қилади.

«2017 йилдан бошлаб Москвадаги Samsung компаниясида ишлаб келаман. Келишимдан олдин 8 йил давомида Қарши шаҳрида ҳам сервисда ишладим.

Инсон ҳар доим юқорига интилади. Олдингизга қўйган орзуларингизни, режаларингизни амалга оширишингиз учун кўпроқ даромад қилишга тўғри келади. Бу ерга фарзандларимнинг келажаги учун келганман», – дейди Шавкат Имамов.

«Ишимнинг қадри баланд, буюртма кўп, ойлик яхши»

– Бу ерда ишимнинг қадри баландроқ, иш ҳажми, буюртмалар кўп. Бизга бутун Россия бўйича телефонлар келади. Ойлигимиз баландроқ, уйга юборадиган пулимиз билан кўзлаган режаларимизни амалга оширсак бўлади.

Ўзбекистонда ишласам, кунимиз ўтиши мумкин, лекин уй-жой, машина ололмаймиз.

Бу иш жойимга дўстимнинг тавсияси билан келганман. Ишчилар Samsung томонидан ўқитилади. Биздан йилига 2-3 марта имтиҳон олиб туришади.

«Фарзандларим меҳнат муҳожири бўлишини хоҳламайман»

– Худога шукр, икки фарзандим бор. Ниятим – улар улғайишгач, менга ўхшаб чет элда ишчи бўлишмасин, яхши билим эгаллаб, бу билими билан Ўзбекистонга фойда келтиришини хоҳлайман. Уларнинг келажаги учун оиламдан узоқда ишлаб келяпман.

Аёлим фарзандларимга ҳам ота, ҳам она бўлиб турибди. Албатта, эркаксиз қийин. Лекин интернет орқали ҳар доим алоқада болиб турамиз. Фарзандларим билан биргаликда дарс қиламиз.

Қизим боғчага боради. Ўғлим эса 2-синфда ўқийди, рус синфида. Мактабдан ташқари ақлий арифметика тўгарагига боради. Тушунмаган нарсаларини мендан сўраб туради.