Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Юридик ва жисмоний шахслар томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши бўйича текширишларни ўтказиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.
Низомга кўра, давлат инспекцияси, бошқармалар ва уларнинг филиаллари томонидан санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиниши бўйича текширишларни ўтказиш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
тадбиркорлик субъектларда:
текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар;
ваколатли орган билан келишилган ҳолда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувлар;
тадбиркорлик субъекти ҳисобланмайдиган юридик ва жисмоний шахсларда:
режали текшириш;
режадан ташқари текшириш;
назорат тартибида текшириш.
Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар ва режали текширувлар белгиланган тартибда тасдиқланган текширишларнинг йиллик режа-жадвали (график)га мувофиқ амалга оширилади.
Филиаллар томонидан текшириш режалаштирилаётган йилдан олдинги йилнинг 15 ноябригача бўлган муддатда текширишлар режаси лойиҳасида юридик ва жисмоний шахсларнинг тўлиқ номи, солиқ тўловчининг идентификация рақами, манзили, фаолият тури, текшириш даврийлигини аниқ кўрсатган ҳолда бошқармаларга кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун тақдим этилади.
Агар қонун ҳужжатларида бошқа муддат белгиланмаган бўлса, бошқармалар томонидан кейинги йил учун текширишлар режаси Давлат инспекцияси билан келишилган холда 15 декабрга қадар тасдиқланади. Тасдиқланган текширишлар режаси 20 декабрга қадар Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.
Юридик ва жисмоний шахсларнинг текширишлар режаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа орган ёки ташкилотлар билан келишилади.
Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар текширув ўтказиш юзасидан тасдиқланган текширишлар режаси Ягона тизимга киритилгандан сўнг амалга оширилади.














