Сенатор Ҳасан Нормуродовнинг айтишича, ҳукумат қарори билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тураржойлар билан таъминлаш тартиби белгилаб берилган бўлса-да, жойларда бу борадаги аҳвол қониқарли эмас.
«2015–2019-йиллар давомида меҳрибонлик уйлари битирувчиларининг бор-йўғи 40 фоизи уй билан таъминлангани ҳам бу борадаги ҳолатни кўрсатиб турибди.
Шу боис етимларни уй-жой билан таъминлаш масаласига жиддийроқ ёндашиш, бу борада ҳокимларнинг масъулиятини ошириш, амалдаги қонун ҳужжатларига ҳудудидаги етимларни тураржой билан таъминлашга бармоқ остидан қараган, мажбуриятларини лозим даражада бажармаган ҳокимларни жавобгарликка тортиш бўйича нормалар киритиш керак, деб ҳисоблайман», – деди Нормуродов 27 февраль куни Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси йиғилишида.

Қўмита раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедованинг сўзларига кўра, соҳага оид қонун ҳужжатларининг аксарияти анча йиллар аввал қабул қилинган бўлиб, бугунги кун талабларига жавоб бермайди.
«Шу сабабли қонун ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиш, жумладан, етимлар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида яхлит қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни ҳукумат олдига вазифа қилиб қўймоқдамиз», – деди Дилором Тошмуҳаммедова.

Сенат томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига уй-жойга муҳтож сифатида рўйхатда турган етим болаларга давлат бюджети ҳисобидан трансфертлар ажратиш масаласини тезроқ ҳал этиш вазифаси юклатилмоқда.
Сенатор Жамшид Хўжаев «танганинг бошқа томони» ҳақида гапирди.
«Етимларни уй билан таъминлаш – долзарб, ижросини кечиктириб бўлмайдиган масала. Лекин танганинг бошқа томони ҳам бор. Бугунги кунда ҳокимларнинг етимларни маҳаллий бюджетдан уй билан таъминлаши жуда қийин бўлиб қолди. Чунки ҳудудлардаги катта корхоналар тўлайдиган солиқлар республика бюджетига ўтиб кетди, табиийки ҳокимликлар ижтимоий ҳимоя учун зарур маблағларни топишга қийналишмоқда.


















