Ўзбекистон | 14:36 / 01.03.2020
44025
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореядаги фуқароларни олиб келиш учун ҳар ҳафта бир рейс амалга оширилади

Ўзбекистоннинг Жанубий Корея ҳудудидаги фуқаролари ҳафтасига бир марта ташкил этиладиган рейслар орқали мамлакат ҳудудига олиб келинади ва карантинга жойлаштирилади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Корея Республикаси ҳудудида бўлиб турган ва ушбу давлатга боришни режалаштираётган фуқароларга мурожаат қилди.

«COVID-19 коронавирусининг Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида мамлакатимиз Транспорт вазирлиги Корея Республикаси авиация идоралари ва компанияларини 2020 йилнинг 1 март кунидан бошлаб икки мамлакат ўртасидаги авиақатновларда вақтинчалик чеклаш чоралари жорий қилиниши тўғрисида расман хабардор қилди. 

Авиақатновлар сони ҳафтасига 1та рейсгача қисқартирилади. Жанубий Кореядан Ўзбекистонга келувчи йўловчилар учиб келишлари билан 14 кун давомида карантинда бўлиб туради. 

Коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятнинг барқарорлашиши билан икки давлат ўртасидаги авиарейслар сони қайта тикланади», дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 1 мартдан бошлаб Uzbekistan Airways авиакомпанияси Жанубий Кореяда коронавирус авж олиши ва Ўзбекистон ҳудудида вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Сеулга бўлган қатновларни вақтинча тўхтатган.

1 март кунига ўтар кечаси Сеулдан 182 нафар ўзбекистонлик ва 49 нафар хорижлик олиб келиниб, Тошкент вилояти ҳудудидаги махсус ҳудудда карантинга жойлаштирилди.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда ТИВ сўнгги кунлар давомида коронавируснинг тарқалиши билан боғлиқ ҳолат оғирлашаётган Корея Республикаси ҳудудида бўлиб турган мамлакат фуқароларига зарур ҳолатларда қуйидаги рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтади: 

- Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги Элчихонаси: 
(+82) 2 574-65-54,  (+82) 2 577-36-60;

- Uzbekistan Airways АЖ ваколатхонаси (авиачипталар масалалари бўйича): 
(+82) 10 8718-6850 (Аюбхон Абдуллаев);

- Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Кванджу шаҳридаги ваколатхонаси (меҳнат миграцияси масалалари бўйича): 
(+82) 10 8495-0027 (Одилжон Каримов). 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид