«Тергов давомида «AVTO OLTMISH OY» МЧЖ таъсисчиси ва бошқа мансабдорлари фуқароларга фоизсиз, пулини 5 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан автотранспорт олиб беришни ваъда қилиб, одамлардан транспорт воситаси турига қараб 2 млн. сўмдан 10 млн. сўмгача пул олган, бироқ зиммаларидаги мажбуриятни тўлиқ бажаришмаган.

Тергов давомида 18818 нафар мижоз жамиятга 57 миллиард 412 миллион сўм тўлов қилгани аниқланди.

Шундан мижозларга автомашина сотиб олиб бериш учун «Қибрай авто-мото сервис» МЧЖга 24 миллиард 6 миллион сўм кўчириб берилган, бу пулга 96 нафар мижозга транспорт воситаси етказиб берилган холос. Қолганларга эса автомашина олиб бериш юзасидан мажбуриятини бажариш учун ҳисоб рақамида етарли пул маблағлари мавжуд бўлмаган.

Мижозларга етказиб берилган 96та автомобиль ҳам одамлар жамият ҳисобига тўлаган пуллар ҳисобига олинган. Эртага жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш мақсадида бу автотранспорт воситасини хатловдан ўтказилса, ушбу автомобиль эгалари ҳам жабрланувчига айланиб қолади. Чунки у автомашинанинг фақат бошланғич тўловинигина тўлаган», – деди ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти бўлим бошлиғи Азизбек Долихўжаев.

Азизбек Долихўжаев.

Маълум қилинишича, жиноят иши 2019 йилнинг 12 октябрида Жиноят кодексининг 188-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган, бунга UzAutoMotors АЖнинг ИИВга ушбу МЧЖнинг фуқароларга фоизсиз, пулини 5 йил (60 ой) муддатга бўлиб тўлаш шарти билан шубҳали фаолият кўрсатаётганини билдириб йўллаган мурожаати юзасидан терговга қадар суриштирув вақтида аниқланган ҳолатлар асос бўлган.

«Жабрланувчиларга етказилган умумий зарарнинг ундирилган қисми 34 миллиард 148 миллион сўм бўлиб, шундан нақд пул шаклидагиси 26 миллиард сўм, хатланган мол-мулклар эса 8 миллиард 148 миллион сўмдан иборат.

Ҳозирда 28та турли русумдаги умумий баҳоси 2,1 миллиард сўмга тенг бўлган транспорт воситаларини хатлаш чоралари кўрилмоқда.

МЧЖ раҳбари ва унинг шериклари ўзларининг жиноий фаолиятлари давомида бир қатор МЧЖларни ташкил қилган. Мазкур молиявий субъектлар устав жамғармасини мижозлар томонидан топширилган пул маблағлари эвазига шакллантирганликлари туфайли ушбу жамиятларга нисбатан ҳам жиноят ишлари қўзғатилган ва ягона иш юритувга бирлаштирилган», дейди Азизбек Долихўжаев.