Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг:

умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Мактаблар футбол лигаси” мусобақаларини ҳар бир туман (шаҳар)да доимий равишда йилига камида икки маротаба ўтказиш;

маҳалла ёшлари ўртасида “Маҳаллада футбол”, “Футболимиз келажаги” футбол мусобақаларини мунтазам ва юқори савияда ўтказиш;

болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва хусусий футбол мактаблари шуғулланувчилари ўртасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда республика миқёсида “Спорт мактаблари футбол лигаси” мусобақаларини ўтказиш;

ҳудудлар кесимида барча корхона ва ташкилотлар, давлат бошқаруви органлари ходимлари ўртасида футбол бўйича “Бош вазир кубоги”, “Ҳоким кубоги”, “Раҳбар кубоги” мусобақаларини кенг қамровда ва мунтазам равишда ташкил этиш;

ёшлар ўртасида “Чарм тўп”, футбол маҳорат мактаблари, хусусий профессионал футбол мактаблари ва профессионал футбол клублари ҳузуридаги футбол академиялари ўртасида “Профессионал футбол мактаблари лигаси” мусобақаларини тизимли ташкил этиш ва юқори савияда ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги:

спорт мусобақаларининг барча босқичларини, айниқса, қуйи (таълим муассасаси, туман (шаҳар) босқичлари тўлиқ ва сифатли ўтказилиши назоратини таъминлайди;

мусобақаларнинг барча босқичлари натижаларини таҳлил қилади ва тизимли мониторингини олиб боради.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5887-сон фармонига асосан “Мактаблар футбол лигаси” мусобақалари туман (шаҳар) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаларига ҳамда Ўзбекистон “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамиятига ажратилган маблағлар доирасида, “Спорт мактаблари футбол лигаси”, “Профессионал футбол мактаблари лигаси” мусобақалари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаларига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилиши белгилаб қўйилган.