2021 йилда Ўзбекистон илк марта Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (OECD) PISA – ўқувчилар саводхонлигини баҳолаш бўйича халқаро дастурида иштирок этади.

Кейинги йилги синовларда Ўзбекистондан тахминан 300га яқин мактаб ва тахминан 12 мингдан ортиқ ўқувчи қатнашиши кутиляпти.

Мазкур дастур 2000 йилдан бери ўтказиб келинаётган бўлиб, ҳар 3 йилда 15 ёшли болаларнинг ўқиш саводхонлиги, математика ва табиий фанлар бўйича билимини текширади.

Бунда болаларнинг олган билимларини ҳаётда – реал вазиятда қай даражада қўллай олишлари муҳим саналади. Ўтган 20 йилда PISA турли давлатларда таълим самарадорлигини, сифатини ўлчай оладиган асосий мезон ва таълим ислоҳотларига сабабчи бўлган дастурга айланиб улгурган.

PISA`нинг охирги марта 2018 йилда ўтказилган синовида дунёнинг ривожланган ва ўрта даромадли 79 давлатидан жами 10 миллиондан кўпроқ бола қатнашди.

Ўзбекистон ҳам 2021 йилда илк бор PISA'да қатнашиб, ўқувчилар билимини халқаро миқёсда синаб кўришни режалаштирмоқда.

Мазкур мақсадни амалга ошириш учун Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳузурида Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази ҳам ташкил этилган бўлиб, марказ жараёнларга тайёргарлик ишларини олиб бориш учун масъул ҳисобланади.

Kun.uz PISA синовида иштирок этиш учун олиб борилаётган тайёргарлик ишлари, кутилаётган натижалар ва унинг умумтаълим тизимимизга қанчалик таъсир қила олиши мавзусида Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази директори, PISA ва PIRLS лойиҳалари миллий менежери Абдували Исмоилов билан суҳбатлашди.

«Берилган билимни амалиётда қўллаш мумкинми-йўқми – PISA дастури ана шуни текширади»

– Бугунги кунда PISA дастури иштирокчи давлатлари 88тадан ошган. Дастурнинг айнан 15 ёшли болалар билимини баҳолашининг боиси – Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзо давлатларда бу ёшда болалар умумтаълим мактабини тугатиб, кейинги босқичга қадам қўйишга тайёр бўлишади.