2 март куни ОАВ ходимлари учун Қуйи Чирчиқ туманидаги «TCT cluster» корхонасига пресс-тур ташкил қилинди.
Кластер раҳбари – Ўзбекистондаги биринчи пахта-тўқимачилик кластери таъсисчиси, сенатор Муртазо Раҳматов туманда пахта тўқимачилик кластерига ўтишдаги илк натижалар бўйича тақдимот қилиб, журналистлар саволларига жавоб қайтарди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Муртазо Раҳматов дастлаб Ўзбекистонда ер бошқарувининг кластер тизимига ўтаётгани борасида ўз фикрларини билдирди.
Унга кўра, давлат қишлоқ хўжалигида ўз ижтимоий-сиёсий ривожланиш режаларидан келиб чиққан ҳолда кластер, фермерлик ва ёки деҳқон хўжалиги бўлсин, маълум ишлаб чиқариш услубини ташкил қилади.
«Бизда шу пайтгача фермерлик тизими амал қилиб келди ва бу тизимда ҳам катта ишлар қилинди. Лекин ҳозирга келиб фермерлар замонавий ривожланиш талабларига жавоб бермай қўйди. Нима учун? Чунки бизда катта муаммо аҳолини иш билан таъминлаш, ишлаб чиқаришни техника билан таъминлаш, сув тежовчи технологияларини жорий қилиш ва бошқа ўнлаб ижтимоий муаммолар ҳисобланади.
Бу муаммоларни фермерлар ҳал қилолмай қолди. Шунинг учун ҳам президент Шавкат Мирзиёев бундан икки йил аввал қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришда кластер усулини жорий қилиш талабини қўйди.
Биз эса биринчилардан бўлиб кластерни ташкил этдик», – деди у.
Қуйи Чирчиқ туманида фаолияти йўлга қўйилган «TCT cluster»да бугунги кунда 10га яқин йўналишда ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйилган.
Хусусан, кластерда шоли етиштириш ва уни қайта ишлаш заводи, чорвачилик комплекси, ёпиқ усулда балиқ етиштириш комплекси, био гумс ва енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш комплекслари ишлаб турибди.
Маълумки, уруғни ерга қадашдан бошлаб, ундан юқори ва қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш, тайёр маҳсулотларни ички бозорга ва экспортга йўналтиришгача бўлган ишларни бирлаштирувчи тизим бу – кластердир.
Айни пайтда дунёнинг бир қанча давлатларида бу тизим қўлланилади. Масалан, кластер тузилмалари енгил саноатда Швейцария, Австрия, Италия, Дания, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Покистон, Хитой ва Туркияда, кимё ҳамда машинасозлик саноатида Германияда, озиқ-овқат ва косметика саноатида Францияда жорий этилган.
Кластер усули сўнгги вақтларда Жануби-Шарқий Осиё, Хитой, Сингапур, Японияда ҳам кенгайиб бормоқда.
















