Аввалроқ Анса ахборот агентлиги бу бўйича қарор қабул қилиб бўлингани, аммо Италия таълим вазири бундай чора ҳозирча тасдиқланмагани, яқин соатлар мобайнида бу масала ҳал қилиниши ҳақида айтгани ҳақида хабар тарқатди.

AFP

Италия айни вақтда Европада ушбу вирусдан зарарланганлар энг кўп мамлакат бўлиб турибди: 2260 киши. Сўнгги бир кун ичида ушбу коронавирус келтириб чиқарган инфекциядан 20 нафар бемор ўлим топди.

Мамлакат бош вазири Жузеппе Конте тез орада вирус авж олишига қарши қўшимча чоралар ҳақида маълум қилади, жумладан, Италия ҳукумати мамлакат шимолидаги карантин ҳудудини (Милан яқинидаги Бергамо шаҳри атрофида) кенгайтириш масаласини кўриб чиқмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси кўриб чиқаётган янги чекловлар бутун мамлакат ҳудудида 30 кун мобайнида амалда бўлади. Одамлар кўчада қўл бериб сўрашиши, қучоқлашиши ва кўчадаги учрашувлар вақтида ўпишиб кўришиши тақиқланиши мумкин. Шунингдек, жамоат жойларида одамлар бир-бирига бир метр масофагача яқинлашиши тақиқланиши ҳам мумкин.

Кутилганидек, конференциялар, бизнес-учрашувлар қолдирилган, спорт тадбирлари эса, айниқса футбол учрашувлари мухлисларсиз ўтказилади.

Ҳукумат 75 ёшдан катта фуқароларга кўчага чиқмасликни тавсия қилмоқда. Бундай чекловлар соғлиги яхши бўлмаган 65 ёшлиларга ҳам тааллуқли бўлади.

Ҳиндистон дори-дармон экспортини чеклайди
Коронавирус тарқалиши тиббий дори-дармонлар танқислигига олиб келиши мумкин - бу шундай маҳсулотларнинг энг йирик ишлаб чиқарувчиси ва етказиб берувчиси бўлган Ҳиндистон дори-дармонлар экспортини сезиларли даражада камайтирганини эълон қилгани билан боғлиқ.

Айни вақтда Ҳиндистонда вирусдан зарарланганлар сони 28 кишига етган - бугун 22 нафар ҳиндистонликда вирус аниқланди.

Ҳиндистон жаҳон бозорига 26 турдаги женерикларни (таркибига турли препаратларни олувчи фаол моддалар) чиқаришни чеклади, бундай чекловлар улар асосида тайёрланган бошқа дори воситаларига, жумладан парацетамолга (дунёдаги энг машҳур иситма туширувчи ва оғриқ қолдирувчи дори) ҳам тааллуқлидир.

Рўйхатдан бир неча турдаги антибиотиклар (тинидазол ва эритромицин, прогестерон гормони ва В12 витамини) ҳам ўрин олган.