Коронавируснинг тарқалиши билан боғлиқ умумий ҳолат ва унинг дунё иқтисодиётига таъсири

2019 йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Ухань шаҳрида COVID-2019 коронавируси эпидемияси юзага келди. Бу ҳолат дунё мамлакатларининг ўз ижтимоий-иқтисодий сиёсатига бўлган муносабатини ўзгартиришга мажбур қилди.

Халқаро Валюта Жамғармаси (ХВЖ) ижрочи директори Кристалина Георгиеванинг фикрича, воқеалар ривожининг салбий тус олишига тайёргарлик кўриш керак ва коронавируснинг дунё иқтисодиётига нохуш таъсирини тезда бартараф қилинишини кутмаслик лозим. Бу ҳақда у G20 мамлакатлари марказий банклари раҳбарларининг Саудия Арабистонида ўтказилган учрашувида айтди.

«Агар вирус тезда жиловланган тақдирда ҳам, унинг салбий оқибатлари дунё ва Хитой иқтисодиётидаги ўсишга таъсир қилади. Табиийки, биз вазиятнинг тезда ўнгланиб олишидан умидвормиз. Аммо ҳозирги вақтдаги ноаниқликни ҳисобга оладиган бўлсак, воқеалар ривожининг жуда нохуш тус олишига тайёр туришимиз шарт», деди у.

Ҳозирги кунда дунё молиявий бозорларида битимлар камаймоқда. Чегараларнинг ёпилиши, аҳоли қатновининг тўхташи натижасида, истеъмол ҳам, ишлаб чиқариш ҳам пасаймоқда. Бу биринчи навбатда жаҳон савдоси суръатларининг пасайишини англатади.

Коронавирус билан боғлиқ сўнгги воқеалар замирида Ўзбекистон 1 февралдан Хитой билан, 1 мартдан эса Афғонистон ва Эрон билан авиақатновларни тўхтатди. Коронавирус аниқланган бошқа мамлакатлар билан ҳам шундай чоралар кўрилиши мумкин.

Хитойдаги иқтисодий вазият ва унинг Марказий Осиё давлатларига таъсири

Хитой жуда катта сакраш эвазига, атиги 40 йил ичида жаҳон саноат тизимининг ажралмас қисмига айланиб олди. Дунё ишлаб чиқаришининг тахминан 1/6 қисми шу мамлакат ҳиссасига тўғри келади. Бу эса Хитойни жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчисига айлантирди.

Хитойнинг иқтисодий салоҳиёти мамлакат доираси билан чегараланиб қолмаган. Хитойлик истеъмолчилар автомобиль ва смартфонларни бошқа давлатларга қараганда кўп сотиб олишади. Жаҳон туризм ташкилоти маълумотига кўра, хитойликлар ҳар йили хорижда 258 миллиард доллар сарфлашади. Бу америкалик туристларнинг харажатларидан 2 баробар кўпдир.

Ухань шаҳрида йирик автомобилсозлик қувватлари ва асосий ишбилармонлик алоқалари мужассамлашган. У ерда Европа, Осиё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон билан ҳам музокаралар ўтказилади.