Ўзбекистонда Миллий музей фондининг электрон каталог тизими яратилади. Каталогда республикадаги музейларда жойлашган барча экспонатлар ҳақидаги батафсил маълумот яхлит ҳолда жамланади.

Қиймати ошкор этилмаган лойиҳа Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан амалга оширилмоқда.

Музейларнинг электрон каталогини яратиш учун Швейцариянинг Zetсom компанияси Museum Plus платформасидан фойдаланилмоқда.

Мазкур платформа ҳар бир экспонат ҳақидаги мавжуд маълумотларни тартиблашган ҳолда сақлайди. Экспонатнинг номи, яратилган санаси, муаллифи, музейга қандай келтирилгани, ҳозирги ҳолати, ўтказилган реставрация жараёнлари – барчаси битта тизимда жамланади.

Маданият ва санъатни ривожлантириш бўлими лойиҳалар бўйича менежери Сухроб Шодмонов электрон каталогнинг қандай ишлаши ва қулайлиги ҳақида маълумот берди.

Унинг айтишича, музейлардаги экспонатларнинг электрон каталогизацияси икки босқичда амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда ходимлар ўз музейларидаги ҳар бир экспонат ҳақидаги маълумотни платформага киритади. Бу жараённи тўғри амалга ошириш тартиби музей хизматчилари учун Zetсom компанияси вакиллари ўтказган семинарларда тушунтирилган.

«Бу тизим музей ходимларининг ишини осонлаштиради. Илгари битта экспонат ҳақида маълумот топиш учун ўртача 4 соат вақт сарфлашга тўғри келган. Экспонатнинг рақами асосида қоғоз ҳужжатларни титкилаб топиш талаб этиларди. Бу платформа эса оддий қидирув тизимига экспонат рақамини киритиш орқали бир зумда маълумотларни топиш имконини беради. Бунга атиги 4 сония кетиши мумкин.

Платформанинг асосий афзаллигидан яна бири шундаки, экспонатлар ҳақидаги маълумотлар хавфсизлиги таъминланади. Яъни маълумотлар ягона тизимга жамлангандан кейин унга киритилган ҳар қандай ўзгартириш мониторинг қилинади. Энг қуйи босқичда музей ходими маълумотни киритса, энг юқори босқичда Маданият вазири маълумотлар ўзгартирилмаганми, ким томонидан қандай ва қачон ўзгариш киритилганини кузатиб бориши мумкин бўлади», ― дейди Сухроб Шодмонов.

Каталогизация жараёнининг иккинчи босқичида кенг омма фойдаланиши учун мўлжалланган ташқи виртуал галерея яратилиши мўлжалланган.

Фото: zetcom.com

Бунда барча интернет фойдаланувчилари учун очиқ бўлган сайт (манзили ҳали аниқ эмас)да экспонатлар ҳақидаги маълумотлар билан танишиш, уларнинг суратларини томоша қилиш мумкин бўлади.